09:11 / 10.05.2024
9919

Путин бош вазир лавозимига Мишустин номзодини илгари сурди

Давлат думаси раиси Вячеслав Володин «бугун депутатлар бу масала бўйича ўз сайловчилари номидан масъулиятли қарор қабул қилишини» таъкидлади. Давлат думаси биринчи марта ҳукуматни шакллантиради.

Фото: Sputnik / Илья Питалев

Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига Михаил Мишустинни бош вазир лавозимига тайинлаш бўйича таклиф киритди, деб хабар берди Давлат думаси раиси Вячеслав Володин 10 май, жума куни эрталаб ўзининг Telegram-каналида. Унинг таъкидлашича, «бугун депутатлар бу масала юзасидан ўз сайловчилари номидан масъулиятли қарор қабул қилади».

Володиннинг сўзларига кўра, «замонавий Россия» тарихида биринчи марта Давлат думаси ҳукумат таркибини шакллантиради: ҳукумат раиси, унинг ўринбосарлари ва федерал вазирларни тасдиқлайди. Шу тариқа депутатлар Россия Федерацияси Конституциясига 2020 йилда қабул қилинган тузатишлар билан белгиланган янги ваколатларини амалга ошириш ниятида. 

Ҳукумат раислигига номзоднинг муҳокамаси барча фракцияларда бўлиб ўтади ва Москва вақти билан соат 14:00 да Давлат думасининг ялпи мажлиси бошланади, деди Володин. 

Россия ҳукумати инаугурациядан кейин истеъфога чиқди

Путин бешинчи муддатга инаугурация қилинганидан кейин Мишустин бошчилигидаги Россия ҳукумати истеъфога чиқди. Путин томонидан таклиф этилган Россия Федерацияси бош вазири лавозимига Михаил Мишустин номзоди Давлат думаси депутатлари томонидан 2020 йил 16 январда маъқулланган ва 2024 йил 10 майда яна тасдиқланади.

Top