08:17 / 18.05.2024
6518

Словакия бош вазири Роберт Фицо яна операция қилинди

Шифокорлар ўқотар қурол орқали етказилган жароҳатлардан қолган некротик тўқималарни олиб ташлашди. Словакия бош вазирининг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Фото: AP

Икки кун олдин суиқасдга учраган Словакия бош вазири Роберт Фицо яна операция қилинди. «Шифокорлар ўқ жароҳатларидан қолган некротик тўқималарни олиб ташлашди. Операция тахминан икки соат давом этди. Бемор ҳамон жонлантириш бўлимида. У ҳушида, аҳволи барқарор, аммо оғир», - деди ҳукумат раҳбари даволанаётган Банска-Бистрица клиникаси директори Мириам Лапуникова 17 май, жума куни

Ўз навбатида, Словакия бош вазир ўринбосари ва мудофаа вазири Роберт Калиняк Фицо билан касалхонада гаплаша олганини, бироқ жароҳат оғирлиги боис учрашув қисқа бўлганини айтди. Калиняк сўзларига кўра, Фицо ҳолатининг динамикаси ҳақида гапириш учун яна бир неча кун ўтиши керак. 

Роберт Фицога суиқасд 

Роберт Фицога ҳужум мамлакатнинг марказий қисмидаги Гандлова шаҳрида содир бўлди. Оммавий ахборот воситаларининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, ҳукумат сайёр мажлисидан сўнг Словакия бош вазири маҳаллий аҳолига мурожаат қилган ва шу вақтда ўқ узилган. Сиёсатчи қорни, қўли ва оёғидан яраланган, дея таъкидлади Standard. Фицо вертолётда Банска-Бистрица шаҳрига олиб кетилган ва у ерда операция қилинган.

Эртаси куни 59 ёшли бош вазир гапиришни бошлади, аммо унинг аҳволи оғирлигича қолмоқда, деди россияпараст Роберт Фицонинг иттифоқчиси бўлган Словакия бўлажак президенти Петер Пеллегрини. 

Ҳужум содир этганликда гумон қилинган шахс - Словакия марказий қисмидаги хусусий хавфсизлик агентлигининг 71 ёшли собиқ ходими - ҳужум содир бўлган жойда хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди. Словакия Ички ишлар вазирлиги у ёлғиз ўзи ҳаракат қилганини айтди. Ҳодиса тахминий сабаби - 71 ёшли шахснинг Словакиядаги президентлик сайловлари натижаларидан норозилиги. 

Top