11:11 / 18.05.2024
1960

Суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотларга қўшимча мажбуриятлар юклатилмоқда

Эндиликда камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкин бўлади.

Сенат ялпи мажлисида “Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда хусусий мулк дахлсизлиги ва мол-мулкнинг ҳақиқий бозор баҳосини шакллантириш ва унинг ишончлилигини таъминлаш юзасидан қатор тизимли чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, бугунги кунда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш фаолиятига оид айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотлар учун умумий баҳолаш қоидалари ва тартиблари белгиланмаган. Натижада соҳани такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келган.

“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришга мувофиқ эндиликда баҳоловчи, назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкинлиги ҳақида қўшимчалар киритилмоқда.

Суд экспертининг текширишларни ўтказишда унинг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек, тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш бўйича мажбурияти назарда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Top