Дунёда туғилиш камаймоқда: сиёсатчилар олдида қандай вазифалар турибди?
Демократик ва фаровон давлатлар туғишни рағбатлантириш учун бюджетдан пул ажратишга мажбур, акс ҳолда улар чақалоқларсиз қолиб кетишяпти. Туғилиш кўрсаткичлари бўйича кам ривожланган ёки ривожланаётган Африка давлатлари етакчилик қилмоқда. Марказий Осиёда эса Тожикистон бу борада пешқадам. Ўзбекистонда эса туғилишлар камайган.
БМТ маълумотларига кўра, охирги 4 йилда туғилиш индекси 4 фоиздан ортиққа камайган. Демак, деярли ҳар йили туғилиш 1 фоизга пасаймоқда. 2024 йил ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб жами туғилишлар сони 2023 йил билан таққослаганда 0.94 фоиз кам бўлади. Давлатлар эса ўз аҳолисини кўпроқ фарзанд кўришга ундаши лозим, деб ёзади The Economist.
Бугун жаҳонда туғилиш даражасининг камайиши борган сари жиддий ижтимоий ва демографик муаммога айланмоқда. Энди сиёсатчилар аёлларнинг туғишига бюджетдан пул ажратиши керак. Яъни вазият туғилишни рағбатлантиришга ундаяпти.
Нашрда келтирилишича, профессионал ва ҳаётда ўз ўрнини топган аёлларнинг фарзанд кўришни истамаслиги ёки битта фарзанд билан кифояланиши – туғилиш кўрсаткичларининг камайишига асосий сабаблардан бири.
Умуман олганда, туғилишни рағбатлантиришни ҳам инвестиция дейиш мумкин. Чунки шу туғилган болалар жамиятни ташкил қилади ва кун келиб солиқ тўловчига айланади. Хўш, сиёсатчилар олдида қандай вазифалар турибди? Биринчи навбатда ҳукуматлар қандай бўлмасин туғилишни ошириш учун пул тикишлари керак. Дунё иқтисодиёти ҳам йилдан йилга камайган туғилишлар миқдорига мослашишига тўғри келади. Чунки иқтисодиёт ижтимоий ўзгаришлар билан ҳисоблашиши даркор.
The Economist'га кўра, асосий муаммо бугун демократик ва фаровон давлатларда. Айни шу синфга кирувчи мамлакатлар аҳолисининг катта қисми бола кўришни истамайди. Лекин масаланинг улар ўйламаган томони бор: бора-бора бундай давлатлар фуқаролари кексаликда ҳам ишлашига тўғри келади, чунки уларнинг боқувчиси бўлмайди. Бу эса катта муаммога айланиши ҳам мумкин.
Ҳар 1000 нафар одамга қанча туғилиш тўғри келиши бўйича статистикага юзлансак, аҳолиси шиддат билан кўпаяётган давлатларнинг аксарияти Африка қитъасида. Ва улар камбағал ва ривожланмаган ёки ривожланаётган давлатлардир. Масалан, дунёдаги энг кўп туғилиш Нигер, Чад ва Конго давлатларида. Туғилиш кўрсаткичи бўйича Марказий Осиёдан Тожикистон етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон эса халқаро ташкилотларнинг рўйхатларида 64-70-ўринлар оралиғида. Минтақа бўйича энг кам туғилишлар сони Туркманистонда қайд этилмоқда.
Марказий Осиёнинг қўшниси Афғонистон эса рўйхатнинг бошида, бешала республикадан ҳам олдин – 15-ўринда қайд этилган. Дунё бўйича энг кам туғилишлар эса Украинада экани маълум бўлган. Бундан ташқари, Япония, Жанубий Корея ва Испанияда ҳам вазият жиддий. Кўплаб одамларда фарзанд кўришга бўлган интилиш қолмаган.
Яна Ўзбекистонга қайтадиган бўлсак, давлат сўнгги йилларда аҳолиси сонининг барқарор ошиб бораётгани билан мақтаниб келаётганди. Лекин 2024 йилнинг 1-чорагида туғилган чақалоқлар сони 205 713 нафарни ташкил этган, бу – 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга кам. Мамлакатда ўлим ҳолатлари кўпайган: 2024 йил бошидан буён бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 3,1 фоизга ошиб, 40 197 нафарни ташкил этган. Аҳолининг табиий ўсиши ҳам 6 фоизга камайгани қайд этилган.
Мавзуга оид
20:10
Ўзбекистон учун синов: Аҳоли кўпайиши билан, инсон капитали ҳам ўсиши керак
10:54 / 09.12.2024
Токиода туғилиш даражасини ошириш ва ишлайдиган оналарни қўллаб-қувватлаш учун 4 кунлик иш ҳафтаси жорий этилади
18:08 / 07.12.2024
Европа Иттифоқида туғилиш даражаси рекорд даражада пасайди
16:43 / 07.12.2024