Жаҳон | 07:54 / 27.05.2024
2700
3 дақиқада ўқилади

Макрон: Германия ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик жуда муҳим

Германия ва Франция Европа учун ҳал қилувчи паллада ҳамкорликни янада кучайтириши керак, деди Эммануэл Макрон. Франция президенти Берлинда Германия Федератив Республикаси Асосий қонунининг 75 йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Фото: Clemens Bilan / Getty Images

Франция президенти Эммануэл Макрон 26 май куни, Германияга уч кунлик давлат ташрифининг биринчи кунида икки давлат Европа учун «ҳал қилувчи» бир пайтда шерикликни янада мустаҳкамлаши кераклигини айтди. Глобал иқлим ўзгариши ва сунъий интеллектни ривожлантириш каби муаммолар Франция-Германия биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилади, деди у.

Шу билан бирга, Макрон икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлаша бошлагани ҳақидаги даъволарни рад этди. «Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Биз олдинга интиламиз», - деди Франция раҳбари Берлинда Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.

Штайнмайер, ўз навбатида, Париж ва Берлиннинг баъзи масалалар бўйича қарашлари турлича бўлса-да, «доим якунда бир қарорга келишади», деди. «Агар Германия ва Франция ўртасида келишув бўлса, Европа ҳали ҳам кўп нарсага эриша олади», деди Германия президенти. 

Ўнг радикализм таҳдиди

Эммануэл Макрон, шунингдек, Европа сиёсатида ўнг радикализм кучайишидан огоҳлантирди. У ўта ўнгчи партиялар Европа парламентига бўлажак сайловларда сезиларли қўллаб-қувватлашга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи сўров маълумотларига таянган.

Франция президенти, агар сўнгги йилларда Европада ўта ўнглар ҳокимият тепасида бўлганида, «тарих бошқача бўларди», деди ва COVID-19 пандемияси каби инқирозларга ишора қилди. 

Франк-Валтер Штайнмайер, ўз навбатида, Европада «демократлар иттифоқи»ни яратиш зарурлигига ишора қилди.

Макрон ва Германия Асосий қонунининг 75 йиллиги 

Берлинда Франция президенти Германиянинг асосий қонуни қабул қилингани 75 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этди. «Демократия байрамида иштирок этган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлишдан фахрланаман», деб ёзди Макрон ижтимоий тармоқда.

Бу Франция президентининг Германияга сўнгги 24 йилдаги илк давлат ташрифидир. Сўнгги пайтларда Франция раҳбарлари Германияга фақат амалий ташрифлар билан келган. Штайнмайер идораси Макрон Германияга ташрифининг иккинчи ва учинчи кунларида Дрезден ва Мюнстерга ташриф буюришини айтди. 

Мавзуга оид