Жаҳон | 08:05 / 03.06.2024
6522
1 дақиқада ўқилади

Малдив ороллари исроилликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаяпти

Малдив ороллари ҳукумати тавсиясига кўра, бу мамлакат президенти исроилликларнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлашга қарор қилди. Қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилиши керак.

Фото: presidency.gov.mv

Малдив ороллари республикаси Исроил фуқароларининг ўз ҳудудига киришини тақиқлашга тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакат президенти Муҳаммад Муиззунинг вазирлар маҳкамаси тавсиясига кўра қабул қилинган бу қарори ҳақида 2 июн, якшанба куни миллий хавфсизлик ва технологиялар вазири Али Эҳсон матбуот анжуманида маълум қилди

Ушбу қарор кучга кириши учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш талаб этилади, дейилади президент маъмурияти баёнотида. 

Исроил билан дипломатик алоқаларни давом эттирмаётган Ҳинд океанидаги орол давлати Ғазо секторидаги фаластинликлар билан бирдамлик белгиси сифатида шундай қадам ташлади. 

Малдив ороллари президенти идораси матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлиги орқали фаластинликларга ёрдам бериш учун маблағ йиғиш кампаниясини бошлашни буюрган. Давлат муҳтож фаластинликларнинг эҳтиёжларини баҳолаш учун махсус вакил тайинлайди. 

Мавзуга оид