Жаҳон | 11:55 / 03.06.2024
2901
2 дақиқада ўқилади

ОПEК+ давлатлари нефт қазиб олишни қисқартиришни 2025 йилгача узайтирди

Саккизта ОПEК+ давлати нефт қазиб олишни қўшимча қисқартиришни ихтиёрий равишда узайтиришга келишиб олди. Уларни босқичма-босқич бекор қилиш 2025 йилда бошланиши кутилмоқда.

Фото: iStock

Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти ва унинг ҳамкорлари (ОПEК+) нефт қазиб олиш ҳажмини кунига икки миллион баррелга қисқартиришни 2025 йил охиригача узайтирди. Бу ҳақдаги қарор 2 июн, якшанба куни Ар-Риёддаги вазирлар йиғилишида қабул қилинди.

ОПEК маълумотларига кўра, умумий қазиб олиш кунига 39,7 миллион баррелни ташкил қилади.

Бундан ташқари, ОПEК+’га аъзо 20 та давлатдан 8 таси (Жазоир, Ироқ, Қувайт, Саудия Арабистони, Россия, БАА, Қозоғистон ва Уммон) ҳам 2023 йил апрелида келишилган нефт қазиб олишни ихтиёрий равишда 1,65 миллион баррелга қисқартиришни 2025 йил охиригача узайтиришга қарор қилди. Яна бир ихтиёрий чеклов – кунига 2,2 миллион баррел, у 2023 йил ноябридан амалда бўлган ҳамда жорий йилнинг сентябр ойи охиригача узайтирилди. Ушбу қазиб олиш ҳажмига чеклов 2025 йил сентябригача ҳар ой қисқартирилади.

2023 йил охирида ОПEКда нефт қазиб олиш квоталари бўйича можаро фонида Ангола унга аъзолик мамлакат миллий манфаатларига жавоб бермаслигини ҳисобга олиб, ушбу ташкилотдан чиқишини эълон қилди. 

Мавзуга оид