Жамият | 17:09 / 12.06.2024
11993
2 дақиқада ўқилади

Крипто-активлар билан ноқонуний муомала қилган яна бир йигит қамалди

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 20 ёшли йигит ўз телефонида ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган. Унга телефонини мусодара қилган ҳолда 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Очиқ платформада эълон қилинган суд қарорларига кўра, сўнгги 1 ҳафтада республикада крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузишга доир ўнга яқин иш кўрилган.

Фото: Pixabay

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи йигит ноқонуний равишда крипто-активлар билан муомала қилгани учун маъмурий жазога тортилди.

Kun.uz ўрганган суд қарорида келтирилишича, 2024 йил 20 май куни Тошкент шаҳар ИИББ АТСЖҚКБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда 2004 йилда туғилган фуқаро Х.С. “Binance” платформасида “Миллий бола” номи остида Samsung Galaxy Not 10 телефон аппаратидан фойдаланиб ноқонуний равишда крипто-активлар айланмасини амалга оширгани аниқланган.

Суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар Х.С. крипто-активлар айланмасини қонунчиликда белгиланган тартибда олди-сотди қилиш кераклигидан хабари йўқлигини билдириб, суддан ўзига нисбатан жазо тайинлашда енгиллик беришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2024 йил 10 июндаги қарорига кўра, Д.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 155-4-моддаси 1-қисмида (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 3 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Унга тегишли бўлган ва ашёвий далил сифатида олинган Samsung Galaxy Not 10 телефони ҳамда банк пластик карточкаси мусодара этилиб, тегишли тартибда йўқ қилиниши белгиланган.

Олий суднинг интерактив хизматлари порталида эълон қилинган суд қарорларига кўра, сўнгги 1 ҳафтада республикада крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузишга доир еттита иш кўрилган. Уларнинг иккитасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 6,8 млн сўмдан жарима, қолганларига маъмурий қамоқ жазолари тайинланган.

Олдинроқ Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчисига ноткоин сотган учун 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўллангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид