Жамият | 15:06 / 23.06.2024
19301
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, инсон ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи бор-йўғи 1,5 йилга қамалди

Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб одам ўлимига сабабчи бўлиш) 7 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарё вилояти Термиз туманида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, “Камаз” юк машинасини бошқарган ва ЙТҲ содир этиб, инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди.

“Замон” дастурида берилган видеолавҳада айтилишича, ҳодиса 2024 йил 16 март куни соат 10:40 ларда содир бўлган.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 31 ёшли ҳайдовчи юк машинаси билан Термиз туманидан ўтувчи М-41 ва М39 автомобил йўллари кесишган чорраҳада светофорнинг огоҳлантирувчи чироғига қарамай йўлида давом этган.

Шунда юк машинаси ўз йўлидан келаётган “Дамас” машинаси билан тўқнашган. Оқибатда “Дамас” ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва ҳайдовчи процессуал тарзда қамоққа олинган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани судида ўтказилган суд мажлисида ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган. У жабрланувчининг оила аъзоларига етказилган моддий зарарнинг қоплангани инобатга олиниб, 1 йил 6 ой озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, ҳайдовчи бир йил муддатга (!) барча турдаги транспорт воситаларини бошқаришдан маҳрум этилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб одам ўлимига сабабчи бўлиш) 7 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Аввалроқ, худди шу модда билан айбланган Зомин туманида яшовчи талаба Ёшлар ишлари агентлиги кафиллиги остида суд залидан озод қилинганди.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, одам ўлимига сабабчи бўлаётган ҳайдовчиларнинг етарлича жазо олмаслиги ҳолатлари жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бироқ мутасаддилар одам ўлимига сабаб бўлган қоидабузарлар учун жазони кескинлаштириш ўрнига, судларда уларга жуда енгил жазо тайинланмоқда. Жиззахдаги ва Сурхондарёдаги ҳолатлар бунга яққол далил.     

Мавзуга оид