Энергетика вазирлиги газ қазиб олиш қисқарганига изоҳ берди
Газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига Қандим газни қайта ишлаш заводи ва “Жарқудуқ” газни комплекс тайёрлаш қурилмасидаги таъмирлаш ишлари сабаб бўлган. Вазирликка кўра, нархларнинг қимматлашгани аҳолининг электрдан тежамкорлик билан фойдаланишига таъсир кўрсатяпти.
Kun.uz Статистика агентлигининг ойлик ҳисоботига таяниб, 2024 йилнинг 5 ойида газ қазиб олиш 5,2 фоизга, электр энергияси ишлаб чиқариш 1,3 фоизга ёки 426 млн kWh’га камайгани ҳақида хабар берганди. Энергетика вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг май ойида республикада 6,1 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 337,9 млн kWh ёки 5,8 фоизга кўп.
Ўз навбатида истеъмолчиларга 5 млрд kWh электр энергияси етказиб берилган. Бу 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 297,1 млн kWh ёки 5,7 фоиз кам. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларига — 3,7 млрд kWh (92,2 млн kWh кўп), аҳолига — 1,2 млрд kWh (393,7 млн kWh кам) электр энергияси етказиб берилган.
Вазирликнинг изоҳлашича, нархларнинг қимматлашгани аҳолининг электрдан тежамкорлик билан фойдаланишига сабаб бўлган.
“Бугунги кунда юртимизда электр энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ”, дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек, май ойида 3 млрд 554,8 млн куб метр табиий газ қазиб олинган. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 41 млн куб метрга кам.
“Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмининг камайиши Қандим газни қайта ишлаш заводи ва «Жарқудуқ» газни комплекс тайёрлаш қурилмасида режавий таъмирлаш ишлари ва бошқа технологик сабабларга кўра юзага келган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда эса 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга қисқарган.
Мавзуга оид
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:29 / 22.12.2024
Самарқандда табиий газ ва электрдан қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ходимлар ушланди
15:57 / 21.12.2024
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
07:40 / 21.12.2024