Жаҳон | 11:25 / 27.06.2024
5681
2 дақиқада ўқилади

Россия ИИВ раҳбари БМТ саммитида иштирок этиш учун Ню-Йоркка борди

Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев БМТга аъзо давлатлар полиция идоралари раҳбарларининг IV саммитида иштирок этиш учун АҚШга борди.

Фото: РИА Новости / Павел Бедняков

Россия ички ишлар вазири Владимир Колоколцев БМТга аъзо давлатлар полиция раҳбарларининг IV саммитида (UNCOPS-2024) иштирок этиш учун Ню-Йоркка борди. Бу ҳақда 26 июн, чоршанба куни вазирлик матбуот котиби Ирина Волк маълум қилди. Саммит 26-27 июн кунлари бўлиб ўтади, унинг мақсади халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, миллий полициялар ва БМТ полицияси ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Саммит доирасида Колоколцев ва БМТ бош котибининг тинчликпарварлик операциялари бўйича ўринбосари Жан-Пер Лакруа ўртасида, шунингдек, хорижий давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари делегацияларининг айрим раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар режалаштирилган, деди Волк. 

Колоколцев: БМТ Украинанинг Қримга берган зарбасини баҳолаши керак 

Учрашувда Колоколцев БМТни 23 июн куни Украина қўшинларининг Қримга уюштирган ракета ҳужумига «тегишли баҳо беришга» чақирди. Ушбу ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлди, 140 дан ортиқ киши жароҳат олди. Волкнинг сўзларига кўра, вазир ҳужум учун «барча жавобгарлар» «муқаррар жазога тортилишига» ишонч билдирди. 

Россия Ички ишлар вазирлиги раҳбари, шунингдек, баъзи Ғарб давлатларининг «ташкилот барча низом ҳужжатларини четлаб ўтган ҳолда» Россия Федерациясини Интерполдан чиқаришга уринишлари ҳақида маълум қилди, у «мавжуд халқаро платформаларнинг сиёсийлашуви» ва «дунёда русофобия кўринишлари»га ишора қилди.

Колоколцевнинг таъкидлашича, Россия Ички ишлар вазирлиги «тинчликни сақлаш фаолияти барча масалалари бўйича» ҳамкорликка очиқ.

Колоколцев АҚШ санкциялари остида

2018 йилда АҚШ Молия вазирлиги Владимир Колоколцевга қарши шахсий санкциялар киритди. Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли ҳужуми муносабати билан Колоколцев АҚШ Молия вазирлигининг яна бир санкциялар рўйхатига киритилган. Америка қонунларига кўра, чекловларга дучор бўлган шахсларнинг Қўшма Штатларга кириши тақиқланади. 

Мавзуга оид