Ўзбекистон | 21:37 / 20.07.2024
15957
4 дақиқада ўқилади

2024/2025 ўқув йили учун бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш параметрлари белгиланди

Давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади, давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади.

Фото: Getty images

«2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида» фармойиш президент томонидан имзоланди.

Фармойишда давлат буюртмаси параметрларини бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилганлиги, давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилганлиги, давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи нодавлат олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилганлиги, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ ўтказилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинган.

2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари:

- бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига – 34 838 нафар;

- магистрлар тайёрлаш бўйича – 9 365 нафар этиб тасдиқланди.

Фармойишда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги қуйидагиларни Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тегишли муддатларда тақдим этиши белгиланган:

- давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этиш истагини билдирган ҳамда талабалар қабулини давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартларда амалга оширувчи нодавлат олий таълим ташкилотлари рўйхатини;

- давлат олий таълим муассасалари ва давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этувчи нодавлат олий таълим ташкилотларининг таклифларига асосан 2024/2025 ўқув йили учун олий таълим муассасалари, таълим шакллари ва таълим тиллари кесимидаги умумий қабул параметрлари бўйича таклифларни;

- республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 1200 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан таклифларни;

- Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хотин-қизлар учун ажратилган 2000 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан таклифларни;

ўзбек тили ва адабиёти, тарих, маданият, санъат ва ҳунармандчилик йўналишларида ўқиш истагини билдирган, хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун 30 та давлат гранти бўйича таклифларни.

Шу билан бирга, Давлат комиссияси бир ҳафта муддатда 2024/2025 ўқув йили учун:

а) бакалавриат таълим йўналишига қабул бўйича:

- олий таълим муассасалари, таълим шакллари ва таълим тиллари кесимидаги умумий қабул параметрларини;

- имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини;

- тегишли бакалавриат таълим йўналишининг олдинги ўқув йилидаги ўртача ўтиш балларини ҳисобга олган ҳолда давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш балини;

- ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларнинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари буюртмаларига мувофиқ, умумий давлат гранти асосидаги қабул параметрлари доирасида мақсадли қабул квоталарини ва ушбу квоталарнинг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;

- ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улушини таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари) кесимида;

- б) магистратура мутахассисликлари бўйича қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда олий таълим муассасалари ва тиллар кесимида тасдиқлаши белгиланди.

Белгиланишича, давлат олий таълим муассасаларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар 2024/2025 ўқув йилида танлаган таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида қўшимча квота билан талабаликка тавсия этилади.

Мавзуга оид