Жаҳон | 12:12 / 10.08.2024
2803
2 дақиқада ўқилади

Германия аҳолисининг ярми АҚШ янги ракеталари жойлаштирилишига қарши

Сўровда қатнашган Германия фуқароларининг ярми Америка ракеталари Германияда жойлаштирилгач, Россия билан можаро кучайишидан хавотирда, дея хабар беради Civey институти.

Фото: AP

Германиянинг ҳар иккинчи фуқароси Америка узоқ масофали ракеталари Германияда жойлаштирилса, Россия билан зиддият кучайиб кетишидан хавотирда. 9 август, жума куни чоп этилган Civey институти томонидан Funke Mediengruppe нашриёт уйи учун ўтказилган сўров натижалари шундан далолат беради.

Сўровда 18 ёшдан ошган 5000 га яқин респондент иштирок этди. АҚШ ракеталарининг жойлаштирилиши Германия ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашувига олиб келадими, деган саволга, мамлакат бўйлаб ўртача 50 фоиз респондент ижобий, 38 фоиз - салбий жавоб берди, яна 12 фоиз эса бир қарорга келмаган.

Шу билан бирга, Германия ғарбида респондентларнинг 36 фоизи Америка қуролларини жойлаштириш қарорига қарши чиққан, шарқда эса - 60 фоиз.

Шолц: АҚШнинг Германиядаги қуроллари уруш олдини олишга ёрдам беради

НАТОнинг июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтган саммитида Қўшма Штатлар ва Германия ГФР ҳудудида Америка узоқ масофали ракеталари жойлаштирилишини эълон қилди. Қўшма Штатлар Россияни тийиб туриш ва НАТОдаги шерикларини ҳимоя қилиш учун 2026 йилдан бошлаб Германияда SM-6 зенит ракеталарини, Tomahawk қанотли ракеталарини ва экспериментал гипертовушли қурол тизимларини «ҳозир Европада мавжуд бўлганлардан кўра кўпроқ йўқ қилиш диапазони билан» жойлаштиради», дея хабар қилди Оқ уй. Tomahawk ракеталари 2500 километргача бўлган масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир.

Германия канцлери Олаф Шолц айтишича, бу қуролларнинг Германияда жойлаштирилиши «уруш олдини олишга хизмат қилади». Москва Американинг узоқ масофали ракеталарини жойлаштиришни тўхтатиш учун нима қилиши кераклиги ҳақидаги саволга у: «Украинадаги урушни тугатиш», деб жавоб берди.

Россия президенти Владимир Путин, ўз навбатида, АҚШ қуролларининг Германияда жойлаштирилишига «тегишли чоралар» билан жавоб қайтарилишини айтди. Кремл, шунингдек, «Европа Россия ракеталари чегарасида» эканлигини билдирди.

Мавзуга оид