Жаҳон | 12:54 / 12.08.2024
1438
2 дақиқада ўқилади

Фаластин БМТ ХКни Ғазода ўт очишни тўхтатишни талаб қилишга чақирди

Исроилнинг ҳаракатлари халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда, дейди Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили.

Фото: Anadolu Agency

Фаластин БМТ Хавфсизлик кенгашидан Исроилнинг шиддатли ҳужумига учраган Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилишга чақирди

Бу ҳақда Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги хабар берди.

Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Риёд Мансур тегишли баёнот билан чиқди.

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши ва Бош ассамблеяси, шунингдек, тинчлик тарафдори бўлган барча давлатлар Фаластин халқи ва бутун минтақа, шунингдек, халқаро миқёсда катта хавф туғдираётган Исроил террори, ўлим ва вайронагарчиликларини тўхтатиш учун зудлик билан чора кўришлари керак», дейилади мурожаатда. 

Исроилнинг Ғазо секторида 7 октябрдан бери давом этаётган тажовузи қурбонлари сони 39 790 кишига етди. Фаластин эксклавининг яна 92 минг аҳолиси жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида 16 314 нафар бола ва 10 980 нафар аёл бор. 

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳамон бинолар вайроналари остида ва йўл четларида қолмоқда. Тез ёрдам ва фуқаролик мудофаа гуруҳлари Исроил кучларининг тўсиқлари туфайли уларга етиб бора олмаяпти, дея қўшимча қилди идора.

Мавзуга оид