Жамият | 15:05 / 30.08.2024
2093
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ: электр станциялар куз-қиш мавсумига тайёрланмоқда

Мазкур корхона мамлакат энергетика секторида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик марказларини қишки мавсумга тайёрлаш, энергообъектларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллий шароитларда ишлаб чиқаришни жорий этишга оид йирик лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Фото: Ўзбекэнерготаъмир

Юртимиз тараққиётининг дастлабки босқичида электр энергетика тармоғини модернизация қилиш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари асосан хорижий компаниялар томонидан амалга оширилган. Соҳани либераллаштириш, эркин бозор механизмларини жорий этишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугун тизимга маҳаллий, рақобатбардош инвестор компаниялар қаторида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ фаолият олиб бормоқда.

Корхонада жаҳонга машҳур энергетика компанияларининг шеф-инженерларини жалб қилган ҳолда, ўқув амалиётлари, тажриба алмашиш курслари натижасида юқори малакали маҳаллий мутахассислар гуруҳи шакллантирилди, натижада бугун 2 ярим мингга яқин техник мутахассислар электр станцияларининг барқарор фаолият юритишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ иссиқлик электр станцияларидаги 53 та энерго қурилмани мавсумга ҳозирлаш мақсадида мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишларини босқичма-босқич олиб бормоқда.

Жумладан, мамлакатимиз энергетика тизимида йирик электр станциялари ҳисобланувчи Тошкент ва Навоий иссиқлик электр станцияларида ҳам бу борада йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу ерда замонавий энергоқурилмалар қаторида анънавий энергоблокларни модернизация қилиш, уларни рақамлаштириш ва ишлаб чиқаришда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича ишлар якунига етказилди.

 Тошкент иссиқлик электр станциясининг 9-сон энергоблокида мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Хусусан, таъмир ишлари давомида энергоблокнинг қозон қурилмаси, турбинанинг юқори ва паст босим роторлари ишчи кураклари, генератор ҳамда трансформаторларида ишлар олиб борилди.

Ушбу ишларни сифатли ва ўз муддатида амалга ошириш мақсадида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ 200 нафарга яқин малакали мутахассислари жалб этилди.

Ремонт кампаниясининг самарали ташкил этилиши натижасида ушбу энергоблокнинг ишлаб чиқариш қуввати 140 МВтдан 150 МВтга етказилди.

Тизимнинг рақамлаштирилиши орқали ёқилғи сарфи камайишига, натижада маҳсулот таннархи пасайишига эришилди. Бу эса йилига 458,6 минг куб метр табиий газ иқтисод қилиниши имконини беради. Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларнинг ташламалари миқдори 108,4 тоннага камайтирилади.

Навоий иссиқлик электр станциясида эса 3-сон энергоблокда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Таъмирлаш даврида қозон ва турбина агрегатларида техник чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу ишларга “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ 250 нафар, станциянинг 50 нафар ишчи-ходимлари жалб этилди.

Таъмирлаш ишларини бажариш натижасида қурилмаларнинг техник иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланиб, ишончли ишлаш даражаси оширилди.

 Хусусан, ўрнатилган қуввати 150 МВт бўлган 3-энергоблок таъмирланиши натижасида йил якунига қадар 5 млн куб метр табиий газ иқтисод қилинади.

Жорий йилнинг 20 августида президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти чоғида энергетика тармоғи корхоналарида юқори технологик ускуналарни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш жараёнида маҳаллий корхоналарнинг иштирокини кенгайтириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ҳам энергетика тармоғининг асосий генерация қувватлари бўлган иссиқлик электр станцияларида модернизация, таъмирлаш ва эксплуатация ишларида фаол иштирок этмоқда. 

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ матбуот хизмати

Мавзуга оид