Жаҳон | 14:27 / 06.09.2024
2998
2 дақиқада ўқилади

Мюнхендаги отишма: терговчилар теракт версияси устида ишламоқда

Терговчилар гумонланувчининг мотивини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Австрия Ички ишлар вазирлиги ҳужумчининг террорчилик гуруҳларига алоқадорлигини тасдиқлади.

Фото: Matthias Schrader/AP Photo/picture alliance

Мюнхендаги отишмадан кейин терговчилар теракт версияси устида ишламоқда. «Биз ҳозирда Исроил бош консуллигига алоқадор теракт версияси устида ишлаяпмиз», — деди полиция вакили 5 сентябр, пайшанба куни.

Ҳозирда терговчиларнинг асосий ҳаракатлари гумонланувчи мотивини аниқлашга қаратилган. Отишма содир бўлган ҳудудда тўхтаб турган машиналардан бири ҳужум қилган шахсга тегишли эканлиги аниқланди. Полициянинг аниқлик киритишича, ҳужумчи эски русумдаги милтиқ билан қуролланиб, яқинлашиб келаётган полициячиларга қарата ўқ узган. Кейинги отишмада 18 ёшли гумонланувчи ҳалок бўлган. Бошқа одамлар жабрланмаган.

Воқеа юзасидан тергов Мюнхен Бош прокуратураси ҳузуридаги Экстремизм ва терроризмга қарши кураш марказий департаменти раҳбарлигида Мюнхен криминал полицияси томонидан олиб борилмоқда.

Австрия вазирлиги теракт бўйича шубҳа борлигини тасдиқлади

Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи 18 ёшли австриялик. Австрия Ички ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситаларида отишмани содир этган шахс Австрия расмийларига терактда гумон қилинаётган шахс сифатида танилгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади. Ўтган йили унга қарши террористик гуруҳга аъзолик бўйича иш очилган эди, дея таъкидлади Австрия Ички ишлар вазирлиги вакили. У бошқа тафсилотларни беришдан бош тортди.

Айни пайтда Австрия полицияси далил излаш учун отишма уюштирган шахснинг Залцбург яқинидаги квартирасини тинтув қилди. Ҳужумчи ота-онаси билан яшаган.

Отишма 5 сентябр куни эрталаб Мюнхен марказида Каролиненплатц ҳудудида Миллий социализм тарихи бўйича ҳужжатлаштириш маркази яқинида содир бўлган. Исроил бош консуллиги унга яқин жойда жойлашган.

Мавзуга оид