Жаҳон | 11:29 / 12.09.2024
2908
2 дақиқада ўқилади

Сўров: Камала Ҳаррис Доналд Трамп билан теледебатда ғолиб чиқди

Сўров Ҳарриснинг Трампдан олти фоизга ўзиб кетганини кўрсатди. Шу билан бирга, респондентларнинг катта қисми Трамп Ҳаррисдан кўра иқтисод соҳасида малакалироқ, деган фикрни билдирган.

Фото: AFP

Филаделфияда АҚШ президентлигига номзодлар Камала Ҳаррис (Демократик партия) ва Доналд Трамп (Республикачилар партияси) ўртасидаги теледебат натижаларига кўра, кўпчилик томошабинлар Ҳаррисни ғолиб деб топди. 10 сентябр куни АҚШнинг қатор медиа-компаниялари томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 45 фоизи Ҳаррисни, 39 фоизи Трампни ғолиб сифатида кўрган.

Бу натижалар телевизион дуэлни томоша қилган рўйхатга олинган сайловчиларнинг жавоблари таҳлили асосида олинган. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 44 фоизи амалдаги вице-президент Ҳаррисга, 51 фоизи эса Оқ уйнинг собиқ раҳбари Трампга салбий муносабат билдирган.

Иқтисодиёт соҳасидаги билим

Эътиборлиси, Доналд Трамп бир жиҳати бўйича Камала Ҳаррисдан анча олдинда бўлган – респондентларнинг 55 фоизи Трамп иқтисодий масалаларда Ҳаррисдан кўра кўпроқ малакали эканини айтган. Ҳаррисни респондентларнинг атиги 35 фоизи бу соҳада кўпроқ билимга эга деб атаган.

Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 82 фоизи теледуэл ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловида уларнинг овозига таъсир қилмаслигини айтган.

Мавзуга оид