Ўзбекистон | 15:10 / 17.09.2024
7862
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбек ҳамширалари Германияга 2200 евро топгани жўнатилмоқда” – Беҳзод Мусаев

Ўзбекистон ва Германия ўртасида миграция бўйича халқаро битим имзоланди. Шу ҳужжатга кўра, эндиликда 800 нафардан зиёд ўзбек ҳамширалари ташкилий тарзда Германияга ишлашга жўнатилади. Қолаверса, немис компаниялари билан ҳамкорликда автобус, темирйўл ҳайдовчилари ҳам тайёрланади.

Фото: Видеодан кадр

Германия ҳукумати делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида меҳнат миграциясига оид халқаро битим имзоланди. Бу ҳақда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири Беҳзод Мусаев Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, мазкур ҳужжат билан шаффоф, ташкиллаштирилган миграцион жараёнлар йўлга қўйилади.

Бундан ташқари биз бугун Германия темирйўллари “Deutsche Bahn” деган ташкилоти бор. Улар билан автобус, темирйўл ҳайдовчилари тайёрлашга, қолаверса, Globogate Concept AG ташкилоти билан биргаликда ҳамширалар тайёрлашни йўлга қўйяпмиз. Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистондан 800 нафардан зиёд ҳамширалар ташкилий равишда Германияга жўнатилмоқда, 400 нафари кетиб бўлишди. Қолганлари тил имтиҳонларини топширмоқда. Уларнинг ойлиги камида 2200 минг евро қўлга тегадигани ҳисобланади”, – дейди у.

Шунингдек, вазирга кўра, машинасозлик, транспорт, тиббиёт соҳалари бўладими, фарқи йўқ, ўзбекистонликлар учун шу йўналишларда немис технологиясини ўрганишга имконият яратилади.

Қолаверса, Мусаев қўл қўйилган битимни тарихий деб баҳолади.

Мисол учун, Ҳиндистон билан Германия бундай битимни 6 йил давомида тайёрлаган бўлса, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги стратегик муносабатларни аҳамиятга оладиган бўлсак, шундай мураккаб ҳужжат 1 йил давомида тайёрланди ва имзоланди.

Бугунги битим 1 йил ёки 5 йиллик эмас, умуман олиб қаралганда келгусидаги 10-20-30 йилни қамраб оладиган ҳужжат бўлди”, – дейди расмий вакил.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик ҳамширалар Германияда иш билан таъминланиши мумкинлиги хабар қилинганди. Хусусан, Наманган вилояти ҳокимлигида Швейцариянинг Globogate Concept AG ташкилоти раҳбари Жоҳаннес Мейер билан учрашувида шунга келишилганди.

Ундан олдинроқ эса Kun.uz 2023 йил сентябр ойида Швейцариянинг тиббиёт соҳасидаги компанияси томонидан эълон қилинган дастур асосида Германиянинг Аачен шаҳрига ҳамшира сифатида ишлагани кетган Дилнура Бердиева билан интервю қилганди.

Юртдошимиз суҳбат давомида шартнома бўйича 2400 евро, суғурта, солиқлар чегириб қолинганда 1700-1800 евро маош олаётганини билдирганди.

Мавзуга оид