Ўзбекистон | 16:28 / 23.09.2024
17936
2 дақиқада ўқилади

Беҳзод Мусаев янги лавозимга ўтказилди

Собиқ камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига раҳбар этиб тайинланди. Агентликнинг ўзи Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Беҳзод Мусаев Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса Вазирлар Маҳкамасига бўйсунувига ўтказилиши маълум қилинди.

Агентликка фуқароларнинг хориждаги юқори даромадли меҳнат бозорларига кириши бўйича бошланган ишларни жадаллаштириш топширилди.

«Ҳокимлар ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар тақдири учун агентлик билан тенгма-тенг жавобгар бўлиши белгиланди», – дейилади хабарда.

Беҳзод Мусаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2004 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тадбиркорлик фаолиятини бошқариш мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Миллий банкида бошлаган. 1998–2002 йилларда Молия вазирлигида ишлаб, бошқарма бошлиғидан бош бошқарма бошлиғи даражасига кўтарилган.

2010 йилда Давлат солиқ қўмитасида фаолият юритишни бошлаган. 2010–2011 йилларда қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2018 йилнинг март ойида ушбу лавозимга қайта тайниланиб, ўша йилнинг май ойидан эса Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бўлган.

Беҳзод Мусаев муқаддам давлат солиқ қўмитасида ва соғлиқни сақлаш вазирлигига раҳбарлик қилган, 2022 йил декабридан буён Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан аввалроқ Мусаев ўрнига Ботир Зоҳидов Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг янги раҳбари этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид