Ўзбекистон | 14:20 / 15.10.2024
6975
2 дақиқада ўқилади

Ерни ноқонуний эгаллаб олиш бўйича қўлланган жазо чоралари айтилди

Саккиз ойда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 60-моддаси билан 394 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. 

Азиз Обидов Фото: АОКА

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси билан 394 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасига мувофиқ ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш — фуқароларга БҲМнинг йигирма беш баравари (9 миллион 375 минг сўм), мансабдор шахсларга — эллик баравари (18 миллион 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш — фуқароларга БҲМнинг бир юз эллик баравари (56 миллион 250 минг сўм), мансабдор шахсларга — уч юз баравари (112 миллион 500 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан, ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-1-моддасига асосан, жавобгарликка сабаб бўлади. Ушбу модда билан 638 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Мавзуга оид