Сўровнома: Ўзбекистонликлар сентябрда гўшт, сут ва ёқилғи нархлари ошишини кўпроқ сезишган
Сентябр ойида Ўзбекистон аҳолисига сезилган инфляция 13,4 фоизни ташкил этди. Марказий банк сўровномасида қатнашганларнинг катта қисми гўшт ва сут ҳамда бензин ва бошқа ёқилғи нархлари юқори даражада ўсганини таъкидлаган. Ой давомида дорилар ва ижара ҳақи нархларида юқори даражада ўсишни сезганлар улуши ҳам кўпайган.
Марказий банк сентябр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси оид сўровнома натижаларини эълон қилди.
Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 13,4 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри (15,4 фоиз) ва Андижон вилоятида (14,6 фоиз), энг паст даражаси эса Фарғона (12,1 фоиз) ва Навоий вилоятларида (12,2 фоиз) сезилган.
Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми гўшт ва сут ҳамда бензин ва ёқилғи нархи юқори даражада ўсганини таъкидлаган.
Шунингдек, ой давомида дорилар (29 фоиз) ва ижара ҳақи (18 фоиз) нархларида юқори даражада ўсишни сезганлар улуши кўпайган.
Даромадлари 5 млн сўм ва ундан юқори даромад топадиган аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори даражада шаклланган. Хусусан, 15 млн сўмдан кўп даромад эгалари сезган инфляция 15,4 фоизни ташкил қилган. Даромади 2 млн сўмгача бўлган респондентларга эса инфляция нисбатан камроқ сезилган – 12,8 фоиз.
Сурхондарё ва Андижон вилоятларида 17 фоиз ва ундан юқори инфляция сезаётганлар улуши 35 фоизга, Тошкент шаҳрида эса 33 фоизга етган.
Аввалроқ, сентябр ойида истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 10,46 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Ўтган ойда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 2,9 фоиз бўлган.
Мавзуга оид
17:46 / 26.12.2024
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди
19:05 / 25.12.2024
Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди
11:21 / 25.12.2024
Марказий банк Исломий молиявий хизматлар кенгашига аъзо бўлди
19:16 / 12.12.2024