Жаҳон | 16:05 / 17.10.2024
14361
4 дақиқада ўқилади

Мисрда дунёдаги энг қиммат музей очилди. Уни қуришга қарийб 20 йил вақт кетди

Ҳозирча тест режимида ишга туширилган музей кўлами бўйича Луврни ҳам ортда қолдиради.

Фото: Getty Images

16 октябр куни Гизада Катта Миср музейи синов тариқасида очилди, деб хабар бермоқда The Guardian. Улкан лойиҳани амалга ошириш учун 22 йил ва 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ кетди. У нафақат кўлами бўйича Луврни ҳам ортда қолдирадиган меъморий музей мажмуаси, балки энг қиммат лойиҳалардан бирир сифатида ҳам эътироф этилмоқда.

Миср туризм ва қадимиёт вазирлиги археология масалалари бўйича ёрдамчиси ат-Тойиб Аббоснинг маълум қилишича, расмий очилиш санасигача (бу ҳозирча номаълум) музейга 4 минг киши ташриф буюради. Амалдорнинг таъкидлашича, синов тариқасида очиш музей логистикасини таҳлил қилиш, шунингдек, тўлиқ ишга тушириш ва сайёҳлар оқимига пухта тайёргарлик кўриш имконини беради.

Музейда жами 12 та зал бўлиб, уларнинг ҳар бирида камида 15 мингта артефакт намойиш этилади. Галереялар тарихий даврлар ва сулолалар бўйича таснифланган. Лойиҳа раҳбари Эйса Зиданнинг сўзларига кўра, барча заллар замонавий технологиялар билан жиҳозланган: қадимги мисрликлар, шу жумладан, шоҳлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи мультимедиа тақдимотлари мавжуд бўлиб, заллардан бирида қадимги Миср дафн маросимлари ҳақида ҳикоя қилувчи виртуал реаллик технологиялари ўрнатилган. Зидан Гизадаги музейни “дунё аҳлига совға” деб атади.

Ҳозирча залларнинг ҳаммаси ҳам очиқ эмас. Аммо баландлиги олти қаватли уйга тенг бўлган ва музей атрофидаги Гиза эҳромлари кўриниб турадиган зинапояга чиқиш мумкин. Музейнинг бошқа қисмлари, жумладан, Тутанхамон хазиналари коллекциясини кейинроқ очиш режалаштирилган.

1992 йилда Миср президенти Ҳусни Муборак мамлакатнинг бутун тарихини ўзида мужассам этадиган янги музей қуриш режаларини эълон қилганди. Бунга асосий сабаб Қоҳирадаги Миср музейи етарлича ёритилмагани ва катта шаҳар тебранишларидан зарар кўраётган экспонатлар билан тўлиб-тошгани эди.

Катта Миср музейи (Grand Egyptian Museum, GEM) қурилиши 2005 йилда Гиза эҳромларидан 2 километр жануби-шарқда бошланган. 2003 йилда Heneghan Peng Architects компанияси бинони лойиҳалаш учун шартнома олди. “Араб баҳори” ва Ҳусни Муборакнинг 2011 йилда истеъфога чиқиши сабабли жараён уч йилга тўхтатилди. Халқаро молиялаштириш ёрдамида қурилиш 2014 йилда қайта тикланди. Лойиҳа 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли иккинчи марта тўхтатилди. 2022 йилнинг охирида музей кичик саёҳат гуруҳлари учун қисман очилди.

Атриумдан ўтиб, музейга ташриф буюрувчилар фиръавн Рамзес II нинг улкан ҳайкалини кўради. Экспозицион заллардан ташқари, музей мажмуаси томида саккизта ресторан, фуд-корт, реставрация ва консервация лабораториялари, боғлар, 3D кинотеатр, конференция маркази ва бошқа “тижорий” хоналар жойлашган.

Катта Миср музейига ҳар йили 5-7 миллион киши ташриф буюриши кутилмоқда. Миср Туризм вазирлиги маълумотларига кўра, кириш чиптасининг нархи мисрликлар учун 60 миср фунтини (қарийб 16 минг сўм), маҳаллий талабалар учун 30 фунтни (қарийб 8 минг сўм) ташкил қилади. Хорижий сайёҳлар 200 фунт (53 минг сўм), хорижий талабалар 100 фунт (26 минг сўм) тўлайди.

Мавзуга оид