Туркистон атамаси – этник ўзлик ва минтақавий бирлик ифодаси
Туркистон сўзи илк марта VI-VII асрлардаги ёзма манбаларда учрайди, кейинги даврларда ҳам бу атама кенг қўлланган, жадидлар ҳам бежиз бу номга мурожаат қилишмаган, дейди турколог Жўлибой Элтазаров. Мустафо Камол университетидан Назрин Ализоданинг сўзларига кўра, турк дарсликларида Марказий Осиё атамасининг Туркистонга алмаштирилиши янги минтақавий кучлар нисбатини яратишга интилишдан дарак беради.
Туркиядаги тарих дарсликларида “Марказий Осиё” атамаси “Туркистон” билан алмаштириляпти. Турк расмийларига кўра, бу қарор ёш авлодда миллий ўзлик ва ватанпарварлик туйғуларини камол топтиришга қаратилган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган.
Туркий дунёнинг икки энг йирик мамлакати – Туркия ва Ўзбекистон алоқалари илиқлаша бошлаган 2016-2017 йиллардан бошлаб, туркий ўзлик асосидаги ҳамкорликка интилишлар анча жонланди. 90-йиллар бошида тамал тоши қўйилган Туркий кенгаш 2018 йилда Ўзбекистон аъзо бўлиши билан Туркий давлатлар ташкилотига айлантирилди.
Самарқанд давлат университети профессори, турколог олим Жўлибой Элтазаровнинг сўзларига кўра, қадимги сўғд манбалари, “Девони луғотит турк” асари ва кейинчалик Навоий асарларида ҳам Туркистон атамаси учрайди.
“Бу – биз учун тарихий ватан номидир. Буни унуттириш учун минтақа алоҳида 5 та миллат ва мамлакатга ажратилган. Аммо халқлар бир ном остида бирлашган даврини унутмаган. Ҳатто жадидлар ҳам шу ном остида бирлашиш учун курашган. Мана, бугунга келиб жадидларнинг асарларини кенгроқ ўрганмоқдамиз, бунга яна бир карра амин бўлмоқдамиз”, дейди у.
Мустафо Камол университети халқаро алоқалар бўлими ўқитувчиси Назрин Ализода узоқ вақт давомида қўлланган Ўрта Осиё атамаси (кейинчалик Марказий Осиёга алмаштирилган) Россия империяси томонидан жорий этилганини урғулайди.
“Дарсликларда “Ўрта Осиё” атамаси “Туркистон”га алмаштирилиши борасида ҳар хил фикрлар айтиляпти, айримлар ҳатто Туркияни турк дунёсига даъвогар давлат деб ҳам таърифламоқда. Тарихий манбаларга мурожат қилсак, бу ҳудуд Туркистон номи билан атаб келинганига гувоҳ бўламиз. Россия истилоси билан параллел равишда XIX асрга келиб бу ҳудуд Ўрта Осиё деб аталганини кузатиш мумкин. Географик жиҳатдан жуда катта бу ҳудуд руслар истилосидан кейин парчаланиб кетган. Россия империяси Туркистонни XIX асрда тўлиқ босиб олган, Игнатев бошчилигидаги жамоа минтақада руслаштириш сиёсатини олиб борган. Чунки бу ҳудуд ерости ва ерусти бойликларига бой эди. Россиянинг Европа банкларидан олган қарзларини қоплаш учун ҳам Марказий Осиё воз кечиб бўлмайдиган бир ўлжадек эди”, дейди Назрин Ализода.
Унинг таъкидлашича, минтақани миллий-ҳудудий ва сиёсий жиҳатдан бўлакларга бўлиш билан Марказий Осиё халқларида ўзбек, қозоқ, туркман каби миллий ўзликлар шакллантирилган, бир умумий ном остида бирлашишдан узоқлаштирилган.
Турк ўқув дастуридаги ўзгаришлар – Туркия геостратегик курсининг бир қисми. Назрин Ализодага кўра, Туркиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли бир неча йил олдин Туркманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда бўлиб, бу давлатларни Туркия билан иқтисодий ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишга чақирган.
“Бу ташрифлардан кейин мутахассислар Туркиянинг минтақадаги интилишларини “Янги Осиё стратегияси” деб ҳам номлаган эди. Бунга геосиёсий нуқтайи назардан қараганимизда, Туркия ўз тарихини ҳимоя қилиши ва “Ўрта Осиё” атамаси ўрнига “Туркистон” терминини қўллаши янги минтақавий кучлар нисбатини яратишга ишора ҳам”, – дейди туркиялик кузатувчи.
Жўлибой Элтазаров ҳам Марказий Осиё тарихий даврлардаги каби жипс интеграцияга қайтиб, Буюк ипак йўлидаги аҳамиятини қайтадан тиклаши кераклигини таъкидлайди.
“Марказий Осиёда Каспийдан Гоби саҳросигача, Иртиш дарёсидан марказий Афғонистонгача бўлган маданият кўприги даражасини қайтариш керак”, – дейди у.
Бундан аввалроқ Халқаро турк академияси ва Туркий давлатлар ташкилоти томонидан тузилган Турк дунёсининг умумий алифбосини ишлаб чиқиш комиссияси 34 ҳарфдан иборат умумий турк алифбоси бўйича ўзаро келишувга эришган эди. Бу воқеалар силсиласи туркий дунё ичида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли стратегиянинг бир қисми деб кўрилмоқда. Ушбу стратегия умумий тарих, адабиёт, хариталар, алифбо каби элементларни ўз ичига олади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
16:43 / 07.12.2024
Марказий Осиё аҳолиси сони 80 миллиондан ошди
17:22 / 19.11.2024