Жаҳон | 12:40 / 24.10.2024
1472
2 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Байрут жанубига беш марта ҳаво ҳужуми уюштирди

«Бахман» касалхонаси биносига катта моддий зарар етказилди.

Фото: Anadolu via Reuters Connect

Исроил охирги кунларда ҳужумларини кучайтирган Ливан пойтахти Байрутга яна беш марта ҳаво ҳужуми уюштирди.

Ливаннинг расмий ахборот агентлиги NNA маълумотларига кўра, «Бахман» касалхонаси рўпарасидаги бино ҳаво ҳужуми нишонига олинган ва тиббиёт муассасаси жиддий зарар кўрган.

Самолёт Харат-Ҳорейк мавзесига иккита, «Райя» стадиони ва «Ал-Қаим» мажмуасига яна учта зарба берди.

Исроил армияси матбуот котиби Авихаи Адраи 22 октябр оқшомида «эвакуация қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириб», тўртта харитани эълон қилди.

Исроилнинг Ливанга зарбалари қурбонлари сони 2,4 мингдан ошди

2023 йил 8 октябрдан бери Исроилнинг Ливандаги зарбалари оқибатида 2464 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида айтилади.

Яна 11 530 киши жароҳатланган, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Исроил армияси мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда.

Хабарга кўра, бир кун аввал Исроил армиясининг ҳужумлари натижасида 16 киши ҳалок бўлган, 59 киши яраланган.

Исроилнинг Ливандаги бомбардимонлари туфайли 100 минг киши уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Мамлакатнинг жанубий вилоятларидан пойтахт Байрут ва шимолга кўчиш тўлқини давом этмоқда. Ливан ҳукумати 471 мингдан ортиқ қочқин Сурияга ўтиб кетганини эълон қилди.

Мавзуга оид