Ўзбекистон | 23:51 / 27.10.2024
9879
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура ОАВ вакилларини тасдиқланмаган ахборот тарқатишдан огоҳлантирди

Фото: Бош прокуратура

Идора прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таянишни сўради.

Бош прокуратура сўнгги кунларда тергов қилинаётган жиноят иши юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали тасдиқланмаган ва асоссиз, шунингдек, ишончли расмий манбаларга таянилмаган маълумотлар кенг тарқатилаётгани сабаб огоҳлантириш билан чиқди.

26 октябр тунда Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга қуролли ҳужум уюштирилгани тўғрисида хабар берилганди. Бош прокуратура 27 октябрь куни суиқасдга алоқадор шахслардан бири ушланганини маълум қилди.

«Ҳолбуки, ҳолат юзасидан тегишли идораларнинг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари давом этаётгани ҳақида хабар берилган. Тафсилотлар ҳақида қўшимча равишда хабар берилади», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Идоранинг таъкидлашича, қонунчиликда ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда масъулият аниқ белгиланган – буни, айниқса, фаол ва катта аудиторияга эга блогерлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар маъмурлари яхши ҳис этишлари лозим. 

«Чунки жамиятда улар тарқатаётган ҳар қандай ахборотни ҳақиқат сифатида қабул қиладиганлар кўп. Медиа вакиллари ҳам худди давлат органларидан талаб этилгани каби соҳага оид амалдаги қонунчилик меъёрларига риоя этишлари шарт эканлигини унутмаслиги керак.

Шунга кўра, жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтиришни қатъий сўраб қоламиз», — дея қайд этилади хабарда.

Бош прокуратура аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатиб ўтган.

Мавзуга оид