Ўзбекистон | 16:28
14337
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди

Ўзбекистон Бислан Расаев (36 ёш) ва Шамил Темирхановни (31 ёш) Интерпол орқали халқаро қидирувга берди. Улар Президент администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Дмитрий Лига суиқасд уринишига алоқадорликда гумонланмоқда.

Коллаж: Kun.uz

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Бислан Расаев ва Шамил Темирханов исмли Россия фуқароларини Интерпол орқали халқаро қидирувга берди. Улар ҳақидаги маълумот Интерпол сайтига жойланган.

Lenta.ru'нинг ёзишича, бу икки шахс чеченистонлик бўлиб, улар Ўзбекистон президенти администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд ишига алоқадорликда гумонланмоқда.

Расаев ва Темирхановга, шунингдек, Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Ли ҳаётига ҳам суиқасд қилиш буюртмаси берилгани, бу икки қотиллик учун буюртмачи томонидан уларга 1,5 млн доллар мукофот ваъда қилингани айтилмоқда.

Интерпол сайтидаги маълумотларга кўра, 36 ёшли Бислан Расаев ва 31 ёшли Шамил Темирхановга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-моддаси (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 246-моддаси (Контрабанда) ва 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) билан айблов эълон қилинган.

Ўтган ойда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистондаги суиқасд ишида “чечен изи” борлиги ҳақида хориж матбуоти тарқатган хабарларни рад этганди.

Комил Алламжоновга суиқасд

2024 йил 30 сентябргача Ўзбекистон президенти администрациясида Ахборот сиёсати департаментини бошқариб келган Комил Алламжонов 26 октябр куни Қибрайдаги ўз уйи яқинида ҳужумга учради: у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узилган. Ҳодисада Алламжоновнинг ўзига шикаст етмаган.

Бош прокуратура сўнгги марта 25 ноябр куни берган баёнотида жиноятга алоқадорликда гумонланиб 7 киши ушланганини маълум қилган, улардан фақат бир нафарининг шахсини очиқлаган: бу – Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов. Баёнотда яна бир гумондор Қозоғистонда қўлга олингани маълум қилинганди.

Ноябр ойида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ишдан олинди. Манбаларга кўра, бу истеъфолар Алламжоновга уюштирилган суиқасд иши доирасида ўтказилаётган текширувлар билан боғлиқ.

Дмитрий Ли ҳақида

Алламжоновга суиқасд буюртмачиларининг ундан бошқа яна бир нишони ҳам бўлгани ҳақидаги маълумот шу кунларда илк марта тарқалмоқда.

Дмитрий Ли 2019 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА, аввалги номи – Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги) директори лавозимида ишлаб келмоқда. 2017-2019 йилларда агентлик директорининг биринчи ўринбосари бўлган.

2017 йилда ташкил этилган ИЛМА бугунги кунда крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш ва лицензиялаш бўйича ваколатли давлат ташкилоти ҳисобланади.

Дмитрий Ли меҳнат фаолиятини халқ таълим тизими таъминоти соҳасида бошлаган, кейинчалик машинасозлик ва металлургия соҳасида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Мавзуга оид