Жаҳон | 21:48 / 28.10.2024
5311
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди

2024 йилда Ўзбекистон Қирғизистондан 6 млрд куб метр сув олгани маълум бўлди.

Фото: RFE / RL

Қирғизистон Жўқорғу Кенеси (парламент) Аграр сиёсат, сув ресурслари, экология ва минтақавий ривожланиш масалалари қўмитаси йиғилишида сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирининг сув ресурсларини назорат қилувчи ўринбосари Алмазбек Сокеев қўшни давлатларга қанча сув берилаётганини айтди.

Унга кўра, жорий йилда Қозоғистон Чуй вилоятидан 138 миллион куб метр, Талас вилоятидаги Киров сув омборидан 420 миллион куб метр сув олган.

«Шартномага кўра, вегетация даврида сувнинг 80 фоизини ўзимизга қолдирамиз, 20 фоизини Қозоғистонга берамиз. Бошқа пайтларда 58 фоизи бизда қолади, 42 фоизи Қозоғистонга кетади», деб тушунтирди Алмазбек Сокеев.

Шу билан бирга, 2024 йилда Ўзбекистон 6 млрд куб метр сув олгани маълум қилинди. Бундан ташқари, Тожикистон ҳам Қирғизистондан сув олади.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, мамлакатдаги умумий сув оқими 47 миллиард куб метрни ташкил этади, шундан 12 миллиарди Қирғизистонда қолади, қолган қисми қўшни давлатларга берилади.

Мавзуга оид