Ўзбекистон | 07:52 / 13.11.2024
7960
2 дақиқада ўқилади

Зироат Мирзиёева COP29'да Ўзбекистон миллий павилиони билан танишди

Ўзбекистоннинг биринчи хоними, Zamin халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Бокуда ўтаётган Глобал иқлим саммитидаги иштироки давомида экофаоллар билан биргаликда COP29'да ташкил этилган Ўзбекистон миллий павилиони билан танишди.

Фото: ЎзА

Мамлакат павилионининг "Ички барқарорлик" мавзусидаги концепцияси ўзбек хонадонининг қалби ва оилавий уйғунлик рамзи бўлган анъанавий ҳовлига асосланган. Павилион мамлакат иқлимига мос, вақт синовидан ўтган барқарор, анъанавий материаллар ва қадимий усуллардан фойдаланилган ҳолда бунёд этилган.

Саммит кунларида бу ерда ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланиши, биохилмахиллик, шаҳарларнинг иқлимга чидамлилиги, Оролбўйи минтақасини тиклаш каби Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг асосий иқлим муаммоларини қамраб олган 30 дан ортиқ тадбир ўтказилади.

Ўзбекистон биринчи хоними Озарбойжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўған ва Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова билан биргаликда “Бирдамлик маркази” павилионига ташриф буюрди. У Туркия президенти рафиқасининг "Нол чиқинди" ташаббуси доирасида ва Озарбойжон президенти рафиқаси бошчилигидаги Ҳайдар Алиев жамғармаси кўмагида очилган.

Меҳмонларга мазкур ташкилотларнинг чиқиндиларни бошқариш, қайта ишлаш, экологик дастурлар ва инновацион ечимлар, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Шу ерда Озарбойжоннинг Шамахи шаҳрида дарахт экиш кампаниясини бошлаш маросими бўлиб ўтди. Тўрт мамлакатнинг биринчи хонимлари масофадан туриб кўкаламзорлаштириш тадбирларига старт берди.

Мавзуга оид