Иқтисодиёт | 13:13 / 19.11.2024
4735
2 дақиқада ўқилади

Германия Ўзбекистонга 1 млрд евродан ортиқ қийматда маҳсулотлар экспорт қилди

Германиянинг энг нуфузли NTV медиаконцерни веб-сайтида Ўзбекистондаги ислоҳотларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

"Ўзбекистон 2016 йилдан буён катта муваффақият билан либераллашув ва очиқлик йўлидан бормоқда. Айниқса, республика немис инвесторларини тобора ўзига жалб этмоқда. Мамлакатдаги ривожланиш ҳатто Германия Федерал Канцлери Олаф Шолцни ҳам Самарқандга ташрифи чоғида ҳайратга солди", - деб ёзади мақола муаллифи Светлана Алексеева-Крюгер.

Унинг фикрича, мамлакат сўнгги йилларда ҳар қачонгидан тез ривожланаётган ҳудуд сифатида ном қозонмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида ГФР федерал канцлери катта иқтисодий делегация билан Ўзбекистонга ташриф буюрди. "Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германия етакчи компаниялари ва банклари вакиллари билан учрашувида канцлер Олаф Шолц Ўзбекистон Германия учун келгусида ҳам энг муҳим ҳамкор бўлиб қолишини, Самарқанддаги ташриф мисолида жадал иқтисодий тараққиётдан икки томонлама муносабатлар ҳам фойда кўришини таъкидлаган эди", – дейилади мақолада.

Немис журналисти шундай ёзади: "Ўзбекистонда катта бурилишлар даври кечмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида кенг қамровли либерал ислоҳотларга, минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эндиликда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари С5 форматида мунтазам учрашиб турадилар. Шунингдек, С5+1 форматидаги Германия, АҚШ ва бошқа давлатлар билан саммитлар ўтказиб келинмоқда".

Нашрда иқтисодиётни янада ривожлантириш мақсадида давлат томонидан хусусийлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани, 1000 га яқин кўчмас мулк ҳамда 250 та йирик корхоналар ва банклардаги давлат улушларини хусусийлаштириш режаси эълон қилинганлиги таъкидланган.

"Хорижий инвесторлар ва компаниялар учун яратилган қулай муҳит туфайли немис компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши йилдан йилга ортиб бормоқда. Биргина 2023 йилнинг ўзида Германиядан 1 миллиард евродан ортиқ қийматда машина ва ускуналар, автомобиллар ва кимё маҳсулотлари экспорт қилинган. Ўзбекистондан Германияга озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари, металл етказиб бериш йўлга қўйилган", – дейилган мақолада

Мавзуга оид