Ўзбекистон | 13:52 / 22.11.2024
1485
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди

АҚШ Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлигига 205 минг долларлик лаборатория жиҳозларини топширди
 
19 ноябр куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлигига АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан (USAID) 205 минг долларлик лаборатория ускуналари топширилди.

АҚШ элчихонаси хабарига кўра, янги ускуналар агентликнинг Марказий фитосанитария лабораториясида ўсимликларнинг саломатлигини таҳлил қилиш имкониятларини ошириб, Ўзбекистоннинг халқаро қишлоқ хўжалиги стандартларига, хусусан, Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш конвенцияси (IPPC) доирасидаги талабларга мувофиқлигини таъминлайди.

Жиҳозлар IPPC доирасида лабораторияларни аккредитациядан ўтказишда муҳим роль ўйнайди, бу эса диагностика хатоларини камайтириш ва ўсимликларнинг соғлигини таҳлил қилиш жараёнларини тезлаштиришга ёрдам беради. Бу Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва ўсимликларни ҳимоя қилишни яхшилаш ҳамда халқаро ҳамкорлар билан савдо стандартларини ошириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлиги 2021 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси негизида ташкил этилган. Унга тупроқни агрокимёвий таҳлил қилиш ва ўғит сифатини назорат қилиш, ўсимликлар клиникаси ва биологик лабораторияларни ривожлантириш, дарахт, бута ва гулларни зараркунандалардан ҳимоя қилишни назорат қилиш каби вазифалар юкланган.

Мавзуга оид