Ўзбекистон | 14:26 / 28.11.2024
51107
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятига янги раҳбар тайинланди

Адиз Бобоев ҳоким вазифасини бажарувчи бўлади. У бунгача Ҳисоб палатаси раиси эди.

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Адиз Музафарович Бобоев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармони имзоланган.

У 2018 йилдан буён вилоятга ҳокимлик қилиб келган ва саломатлиги туфайли ишдан кетган Эркинжон Турдимов ўрнини эгаллади. 

Адиз Бобоев 1972 йил Бухоро вилояти Вобкент туманида туғилган. 1993 йил Тошкент халқ хўжалиги институтини «Иқтисодий ва ижтимоий режалаштириш» мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1993–2002 йилларда Бухоро вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси мутахассиси, 2-тоифали мутахассиси, етакчи мутахассиси, бўлим бошлиғи ўринбосари, бўлим бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган.

2002–2007 йилларда эса Бухоро вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари – жамланма бюджет бўлими бошлиғи, бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

2008–2010 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ижро этувчи дирекцияси Даромадларни прогнозлаштириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. 2010–2012 йилларда Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармаси Даромадларни режалаштириш ва жамланган бюджет тушумларини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2012–2017 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича жамғармаси ижро этувчи дирекцияси ижро этувчи директори ўринбосари, кейинчалик Бюджетдан ташқари таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. 2017–2019 йилларда Молия вазирлиги Инвестициялар бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2019–2020 йилларда Молия вазирлиги Давлат ривожлантириш дастурларини молиявий таъминлаш департаменти директори лавозимида ишлаган.

2020–2023 йилларда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари, 2023–2024 йилларда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари бўлган.

2024 йилнинг январида Ҳисоб палатаси раиси лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид