Ўзбекистон | 12:36 / 13.12.2024
14396
2 дақиқада ўқилади

Дилором Йўлдошевага “Мардлик” ордени топширилди

Президент дунёнинг энг руҳлантирувчи “Топ-100” аёли рўйхатига кирган Деновлик Дилором Йўлдошеванинг ишларини эътироф этди. 

Президент раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтяпти.

Таҳлиллар кўрсатганидек, баъзи ногиронлиги бор инсонларда психологик босимлар сабабли ўзига бўлган ишонч етишмайди.

Лекин, ўзида куч топиб, оғир вазиятдан чиқиб, қаҳрамонлик кўрсатаётган одамлар ҳам кўплиги таъкидланди.

Президент дунёнинг энг руҳлантирувчи “Топ-100” аёли рўйхатига кирган Деновлик Дилором Йўлдошеванинг ишларини эътироф этди. Бу аёл ногиронлиги бор бўлса-да, тикув корхонасини очиб, 40 нафар камбағал хотин-қизларни ишли қилди.

– Мана шундай иродали, матонатли инсонларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатсак, улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – деди давлат раҳбари.

Президент фармонига мувофиқ, йиғилишда Дилором Йўлдошевага “Мардлик” ордени тантанали топширилди. 

Келгуси йилда бундай инсонлар ҳақида камида 5 та мотивацион ҳужжатли ва бадиий фильмлар суратга олиш муҳимлиги таъкидланди.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ш.Мирзиёева зиммасига юклатилди.

Мавзуга оид