Жаҳон | 16:43
14272
2 дақиқада ўқилади

Путин яна бир бор «Орешник»ни мақтаб, Ғарбга «дуэл» таклиф қилди

«Киевдаги нишонни танлаймиз, у ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан ўралади, Россия эса унга «Орешник» билан зарба беради. Кўрамиз, нима бўларкин», — деган у.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин жонли мулоқот чоғида ҳозирда Европада турган ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари «Орешник» тизими ракеталарини уриб тушира олмаслигини айтди

Баллистик ракета ҳақидаги саволга жавобан у бунинг учун «ҳеч кимда ҳеч қандай имкон йўқлиги»ни таъкидлади. 

У Ғарбдаги «Орешник»нинг имкониятларига ишонмаётган экспертларга «XXI асрнинг юқори технологияли дуэли» ўтказишни таклиф қилган. 

«Агар ғарблик экспертлар шундай [„Орешник“ни уриб тушириш мумкин деб] тахмин қилаётган бўлса, унда бизга ва уларга пул тўлаётган Ғарбдагиларга, АҚШга қандайдир технологик тажриба, ХХI асрнинг юқори технологияли дуэлини ўтказишни таклиф қилишсин. Йўқ қилиш учун, масалан, Киевдаги қандайдир объектни белгилашсин, ўша ерга ўзларининг барча ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ракета ҳужумига қарши мудофаа воситаларини жамлашсин, биз эса у ерга „Орешник“ билан зарба берамиз. Ва нима бўлишини кўрамиз. Биз бундай экспериментга тайёрмиз. Нариги томон ҳам тайёрмикин? <…> Биз учун бу қизиқарли бўлади. <…> Бундай эксперимент, шундай технологик дуэл ўтказамиз ва нима бўлишини кўрамиз. Ўйлайманки, биз учун ҳам, Америка томони учун ҳам фойдали бўлади», — деган Путин.

21 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин РФ қуролли кучлари ўрта масофали «Орешник» баллистик ракета тизимини қўллаган ҳолда Днипро бўйлаб зарба йўллаганини маълум қилганди. У Россия Украина қуролли кучлари ғарбнинг узоқ масофали ракеталарини ўзининг ички ҳудудларига учираётганига жавобан шундай қарорга келинганини айтганди. Кейинроқ Путин «Орешник» ракеталари ёппасига қўлланганида зарба кучи «ядровий қурол қўллашникига тенг бўлиши»ни айтди.

Мавзуга оид