Жаҳон | 08:30
7188
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг махсус вакили: Кирилловни ўлдириш - ақлли иш эмас

Уруш пайтида томонлар «жангларда қатнашмаганларни ўлдирмаслиги керак», деди истеъфодаги генерал Кит Келлог Fox News телеканалига берган интервюсида. Аммо у Россия Федерацияси ҳам, Украина ҳам музокараларга тайёр эканини таъкидлаган.

Фото: Getty Images

Россиялик генерал Игор Кирилловнинг Москвада йўқ қилиниши «жуда яхши ғоя эмас эди», дейди АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украина ва Россия Федерацияси бўйича махсус элчиси этиб танлаган истеъфодаги генерал Кит Келлог. «Менимча, бу муваффақиятсизлик эмас, лекин айтмоқчиманки, уруш қоидалари бор ва сиз баъзи нарсаларни қилмаслигингиз керак. Масалан, жанг майдонида ярадор аскарлар ўлдирилмаслиги, жангларда қатнашмаётганлар ўлдирилмаслиги керак», деди Келлог 18 декабр, чоршанба куни Американинг Fox News телеканалига берган интервюсида. Унинг тушунтиришича, «муҳим генералларни ўз она шаҳрида ўлдириш» уруш қоидаларини ўзгартиради, унинг фикрича, бу «яхши ғоя эмас». »Менимча, бу ақлли иш эмас», деб қўшимча қилди Кит Келлог.

Шу билан бирга, Доналд Трампнинг махсус вакили Россия ҳам, Украина ҳам урушни тугатиш бўйича музокараларга киришишга тайёр эканига ва Трамп айнан бу мулоқотда воситачилик қилишга қодир сиёсатчи эканлигига ишонч билдирмоқда. «Менимча, у буни қандай қилиш кераклиги ҳақида тасаввурга эга. У буни амалга ошириш учун кучга эга. Ва менимча, у аслида ҳар икки томонни бир жойга тўплаш ва гаплашишга тайёр», деди Келлог.

Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Киевга боришни режалаштирмоқда

АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Украина ва Россия Федерацияси бўйича ўзининг махсус вакили этиб танлаган истеъфодаги генерал Кит Келлог январ ойи бошида Европанинг бир қанча пойтахтларига, жумладан Киевга ҳам ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 17 декабр куни Reuters ахборот агентлиги хабар берди. Унга кўра, Москвага ташриф ҳали Келлогнинг режаларига киритилмаган.

Агентлик суҳбатдошларининг айтишича, Келлог Киевда Украина раҳбарияти билан учрашмоқчи. Бундан ташқари, унинг жамоаси Париж ва Римда юқори мартабали сиёсатчилар билан учрашувлар тайёрламоқда. Мақсад Украинадаги урушни тугатиш бўйича унчалик фаол музокаралар эмас, балки АҚШнинг янги маъмурияти учун маълумот тўплаш, дея аниқлик киритди Reuters манбалари.

Шунингдек, Келлогнинг Европа бўйлаб сафар режаси ҳали ишлаб чиқиш босқичида эканлиги ва унинг асосий нуқталари ўзгариши мумкинлиги хабар қилинган.

АҚШ янги президентининг инаугурацияси 2025 йил 20 январга белгиланган. Reuters суҳбатдошларининг қайд этишича, Келлогнинг бундан олдин Европага бориш нияти Трамп Украинадаги келишувга катта аҳамият бераётганидан далолат беради.

Мавзуга оид