Чорвоқда бир оиланинг уч аъзоси газдан заҳарланиб вафот этди
Ҳодисага қишлоқда табиий газнинг ўчиб, қайта ёқилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бир оиланинг уч нафар аъзоси – эр-хотин ва фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича ҳодиса 2024 йил 19 декабр куни Бўстонлиқ туманининг Хўжакент қишлоғида содир бўлган.
Шу куни Бўстонлиқ тумани яшовчи фуқаро Н.Х. туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, “Фазогир” МФЙ Фазогир кўчаси 22-уй 4-хонадонда яшаган 35 ёшли опаси Н.С., 43 ёшли поччаси Б.С. ва жияни 8 ёшли Б.М. яшаш хонадонида вафот этганини маълум қилган.
Бўстонлиқ туман суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, 35 ёшли Н.С.нинг ўлими ис газидан заҳарланиш оқибатида содир бўлган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бўстонлиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмокда.
Kun.uz манбасининг айтишича, ҳодисага қишлоқда табиий газнинг ўчиб қайта ёқилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. “Қишлоғимизда газни хоҳласа ўчиришади, хоҳласа ёқишади”, дейди шу қишлоқда яшовчи манба.
Аввалроқ, 2024 йил 17 декабр куни Қарши шаҳрида 4 киши – 46 ёшли эркак, унинг 18, 16 ва 10 ёшли уч фарзанди ис гази туфайли вафот этганди.
Мавзуга оид
16:36
Қаршида бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланган — экспертиза
17:32 / 19.12.2024
Қаршидаги фожианинг газ ёки ис гази билан боғлиқлиги эҳтимолдан йироқ — “Ҳудудгазтаъминот”
12:07 / 19.12.2024
Қашқадарёда ота ва унинг уч фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этди
15:16 / 18.12.2024