Ўзбекистон | 16:36
3897
2 дақиқада ўқилади

Қаршида бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланган — экспертиза

Суд-тиббиёт экспертизаси марҳумларнинг ўлимига ис газидан ўткир заҳарланиш сабаб бўлганини кўрсатди. Аввалроқ “Ҳудудгазтаъминот” бу версияни “эҳтимолдан йироқ” деб атаганди.

Фото: Очиқ манбалардан олинган сурат

Қарши шаҳридаги хонадонда эркак ва унинг уч фарзанди вафот этгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув давом этмоқда, дея маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Қайд этилишича, суд-тиббиёт экспертизаси марҳумларнинг ўлими “ис газидан ўткир заҳарланишдан” келиб чиққанини кўрсатган.

“Текшириш давом этмоқда”, – дейилади хабарда.

Аввалроқ “Ҳудудгазтаъминот” компанияси Kun.uz'га ҳолат бўйича ахборот бериб, фожианинг газ ёки ис гази билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини “эҳтимолдан йироқ” деб баҳолаганди.

“Мутасадди ходимлар иштирокида текширилганда ертўлада ўрнатилган 2 дона иситиш қозонларининг дудбуронларини бир-бирига боғланиш жойи очиқ ҳолатда экани, хонадоннинг ертўласида жойлашган иситиш қозонининг ишлаш жараёни текширилиб кўрилганда, табиий газ босими бир меъёрда экани, газоанализатор билан кўрилганда хонада газ сизиб чиқиши ҳолатлари йўқлиги, дудбуроннинг тортиш кучини гугурт ёрдамида текширилганда тортиш кучи борлиги аниқланди”, – дея маълум қилганди газ таъминоти идораси.

Бош прокуратуранинг бирламчи ахборотида эса, уй ертўласида ўрнатилган замонавий икки контурли иситиш қозони мўрисининг умумий вентиляция мўрисига уланган қисмидан ис гази чиққани таъкидланган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳодиса Қарши шаҳридаги уйлардан бирида 17 декабр куни тушдан кейин содир бўлган. Воқеа оқибатида 46 ёшли эркак ва унинг 18, 16 ва 10 ёшда бўлган уч фарзанди ҳалок бўлган.

Мавзуга оид