Жаҳон | 14:32
819
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Киевга қўшимча 30 млрд евро ажратмоқчи

2025 йилда Украинага яна 30 миллиард евро молиявий ёрдам ажратиш режалаштирилмоқда, деди Европа кенгаши раиси Антонио Кошта Брюсселда ЕИ саммитидан сўнг.

Фото: Wiktor Dabkowski/picture alliance

Европа Иттифоқи 2025 йилда Украинага яна 30 миллиард евро қўшимча ёрдам беришини эълон қилди. Бу ҳақда 19 декабр, пайшанба куни кечқурун Европа Иттифоқининг Брюсселда бўлиб ўтган саммитидан сўнг Европа кенгашининг янги раиси Антонио Кошта маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters. Саммитда Украина президенти Володимир Зеленский ҳам иштирок этди.

Икки кун аввал Reuters агентлиги манбаларга таяниб, бу миқдор Россиянинг музлатилган активларидан фойда сифатида олинган 18 миллиард еврони ўз ичига олгани ва Европа тинчлик жамғармаси (ЕТЖ)дан қўшимча равишда 12,5 миллиард евро ажратилишини хабар қилган эди. Янги 30 миллиард евро ЕИ Киевга Россия ҳужуми бошланганидан бери тақдим этган 130 миллиард еврога қўшимча равишда ажратилади.

Ўз навбатида, Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Петер Сийярто аввалроқ Венгрия Европа Иттифоқининг Украинага ЕТЖдан 6,5 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги қарорига вето қўйганини маълум қилган эди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Европа Иттифоқи 2025 йилдан бошлаб Украинага ойига 1,5 миллиард евро беришни бошлашини айтди.

Кошта: Украинани ЕИга қабул қилиш бўйича музокаралар 2025 йилда бошланади

Европа Кенгашининг янги раиси Антониу Кошта Украинага Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнида тезкор ўзгаришлар ҳақида ваъда берди. Камида икки йўналиш бўйича музокаралар 2025 йилнинг биринчи ярмида бошланади, деди Кошта 1 декабр куни Европа Иттифоқи янги раҳбариятининг Киевга ташрифи чоғида. «Биз келажакда сиз билан бирга бўламиз ва бу шунчаки сўзлар эмас, биз гуманитар, иқтисодий, ҳарбий ва энергия ёрдамини кўрсатишни давом эттирамиз», деди Кошта ўзининг янги лавозимидаги биринчи куни.

Украинанинг Европа Иттифоқига босқичма-босқич сиёсий ва иқтисодий интеграциялашувига мисол, Коштанинг фикрича, хориждаги украиналик фойдаланувчилар учун ҳамёнбоп роумингни жорий этишдир.

Мавзуга оид