Жаҳон | 20:30 / 21.12.2024
1088
2 дақиқада ўқилади

Япония компанияси ноёб ичимлик — космик сакени тайёрлаш ниятида

Япониянинг Asahi Shuzo компанияси дунёдаги энг қиммат ичимликка айланадиган космик сакени тайёрлайди. Бу орқали олимлар орбитада ферментация жараёни қай тарзда кечишини ўрганишни ҳам ният қилган.

Фото: Noriko Hayashi/Bloomberg/Getty Images

Япониянинг Asahi Shuzo компанияси ноёб алкогол ичимлик — космик сакени тайёрлаш ниятида. Бу орқали олимлар орбитада ферментация жараёнини ўрганишни ҳам мақсад қилган, деб хабар беради CNN.

Мазкур ичимликни тайёрлашда керак бўладиган маҳсулотлар Халқаро космик станцияга (ХКС) юборилади, у ерда ичимлик микрогравитация шароитида ферментация жараёнидан ўтади. Лойиҳа Япониянинг аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Asahi Shuzo ХКСда аллақачон «Кибо» модулидан фойдаланиш учун тўловни амалга оширган, олимлар у орқали микрогравитациянинг ўзига хос шароитини назорат қила олади. Айнан шу омил ферментациянинг дастлабки жараёнини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

Анъанавий сакени тайёрлаш учун одатда икки ой вақт кетади ва у бир нечта босқичда амалга оширилади: гуручни буғлаш, сув, хамиртуруш ва махсус кодзи замбуруғини қўшиш.

Компания вакилларининг таъкидлашича, лойиҳа шунчаки маркетинг йўли бўлибгина қолмай, янги технологиялар ва космосда ферментация жараёни қандай кечишини тушунишга қаратилган ҳаракатдир.

Лойиҳа амалга ошса, жами 100 миллилитрга тенг ягона шиша идишдаги космик саке сотувга чиқарилади. Унинг нархи тахминан 100 миллион иенани (653 минг доллар) ташкил этиб, дунёдаги энг қиммат ичимликка айланади.

Мавзуга оид