Ўзбекистон | 19:33 / 24.12.2024
2692
4 дақиқада ўқилади

“Давлатнинг кино соҳасидан чиқиб кетишига ҳали вақт бор” – Озодбек Назарбеков

Маданият ва туризм вазири кино соҳаси ривожланиши учун Кинематография агентлиги филмлар суратга олмаслиги керак деган фикрда. Аммо бир вақтнинг ўзида вазир соҳани тижорийлаштиришга қарши эканини билдирди. Расмийга кўра, бунга Ўзбекистон тайёр эмас.

Шу йил август ойида Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков “Ўзбеккино” (ҳозирги Кинематография агентлиги) кино ишлаб чиқаришни тўхтатса, соҳада ривожланиш бўлишини таъкидлаганди. Вазир агентлик фақат буюртмачи бўлиб, хусусий ширкатларни ривожлантириши ва қўллаб-қувватлаши лозимлигини, бу борада ишлар олиб борилаётганини ҳам қўшимча қилган.

Аммо 24 декабр куни АОКАда ўтган анжуманда давлат ҳануз кинолар суратга олаётгани, кейинги йилга яна 65 та филм лойиҳа сифатида кўрилаётгани маълум қилинди. Озодбек Назарбеков шу ҳолатга изоҳ берди.

Ҳалиям шу фикрдаман, яъни сизлар кутаётган даражада кино ривожланиши учун, жамият ўртасида кино яшаши учун булар [Кинематография агентлиги] кино ишлаб чиқаришни тўхтатиши керак. Ана ўшанда боя айтаётганларидек, тижорий филмлар пайдо бўлади, сизлар шуни кутяпсизлар. Шуҳрат ака ҳозир Ўзбекистон давлатининг кинога нисбатан стратегиясини эълон қилди. Яъни давлат бизга нималарни буюртма қиляпти, қайси буюртмани беряпти ва унга пул беряпти. Шунинг учун ҳозир Ўзбекистоннинг кино билан қиладиган иши бор. Буни Шуҳрат ака сизларга айтиб ўтди.

Лекин сизлар нимага кино яшамаяпти, нимага ривожланмаяпти, нимага бутун дунёга чиқиб кетмаяпти деётганингларнинг сабаби, яна қайтариб айтаман, давлат кино олса, ундай бўлмайди. Уни кутманглар”, – деди вазир.

Вазирга кўра, давлат ҳеч қачон фақат пул топиш учун кино олмайди. Пул топиш мақсадида кино олиш учун филмни турли жозибадор нарсалар билан безаш керак. “Бизда киноларга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлсангиз, ғоявий, миллийлик, тарихимизни очиш масалалари [илгари сурилган]”, – дейди у.

Бу биринчидан, ўта қиммат, айниқса тарихий филмлар жуда қимматга тушади, арзон бўлмайди. Ва юқорида айтганимдек, умуман кинонинг мутлақ тижорий шаклга ўтиб кетиши эртага ҳар хил ....

... Маҳсулот Hollywood даражасида ишлаб чиқарилиши учун биз бугун битта филмга 20 млн доллар ишлатишимиз керак. Гап шунда. Шунинг учун бунинг ҳар хил объектив, субъектив масалалари бор. Кино биринчи навбатда бутун дунёда ғояга тез таъсир қилувчи инструмент ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистонда буни хусусий қўлларга бериб қўйиш қанчалик тўғри бўлади?” – деди Назарбеков.

Расмий вакилнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон – ривожланиб, оёққа тураётган республика, унга ғоявий ҳужум қилувчи кучлар бор.

Шунга биз етиб келишимиз керак, киномиз бюджети, жамиятимизнинг ҳимоя иммунитети шаклланиши керак, аввало. Ана ўшанда шу нарсаларни қилсак бўлади. Hollywood’да кино олаётган хусусий кинематограф Америка сиёсатига қарши филм олмайди. Муддат керак, бунга ҳамма тайёр бўлиши керак, жамият шунақа ҳолатларга тайёр бўлиши керак. Мана, бугун бизнинг жамиятимизда миллатимизни ҳимоя қилиш иммунитети кучайиб кетяпти ёки уни пароканда қилишми? Вақт керак, бунга яъни умумий жамоатчиликнинг умумий фикри шаклланиши керак”, – деди Маданият ва туризм вазири.

Мавзуга оид