РФдаги танкерлар ҳалокати: ифлосланиш 200 минг тоннага етиши мумкин
Россия танкерларининг Керч бўғозида ҳалокатга учраганидан сўнг тупроқнинг мазут билан ифлосланиши ҳажми 200 минг тоннагача ошиши мумкин, деди вазир Александр Козлов.
Керч бўғозида Россия танкерлари ҳалокатга учраганидан кейин мазут билан ифлосланган тупроқ ҳажми 200 минг тоннагача ошиши мумкин. Бу ҳақда 23 декабр, душанба куни Россия Федерацияси табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Александр Козлов авария оқибатларини бартараф этишга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
«Биз ҳозирда 14 минг тонна ҳақида гапиряпмиз. Мутахассислар прогноз қилаётган ҳажм 200 минг тоннага етиши мумкин», — дейди у.
«Олимларнинг ёрдамига умид қиламан, улар менга қандай ҳаракат қилиш кераклигини, денгизда қандай реагентлардан фойдаланишни айтишлари керак. Танкерлар эса ғаввослар иштирокида текширилиши керак», — дея Козловнинг сўзларидан иқтибос келтиради "Интерфакс" агентлиги.
Анапа аҳолиси мазут тўкилиши сабабли Путинга мурожаат билан чиқди
Анапа аҳолиси Россия президенти Владимир Путин ва бош вазир Михаил Мишустинга видеомурожаат ёзиб, унда Қора денгизга мазут тўкилиши оқибатларини бартараф этишда ёрдам талаб қилишди. Видео 23 декабр куни ОАВ томонидан эълон қилинди.
Хусусан, маҳаллий аҳоли «барча ҳудудлардан имкон қадар тезроқ профессионал қутқарувчилар гуруҳларини сафарбар этиш», «уларни зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминлаш», «уларнинг офат зонасига ҳаво транспорти орқали етказилишини таъминлаш» ҳамда илмий-тадқиқот институтларини «тадқиқот ва ишлаб чиқариш билан биргаликда» кимё саноати бирлашмаларининг оқибатларини бартараф этишга жалб қилиш ва «фалокат зонасига кимёвий ҳимоя бўйича мутахассисларни юбориш»ни талаб этган. «Дастлабки тугатиш ишларини бир неча ойга кечиктириш мумкин эмас, чунки кириб бораётган заҳарлар ҳар сонияда атроф-муҳитни заҳарлайди», — дейди анапаликлар.
Бундан ташқари, видеоролик муаллифлари халқаро ҳамжамият ва «ривожланган давлатлар раҳбарлари»га «техник ва технологик ёрдам сўраб» мурожаат қилишни, шунингдек, минтақа фаунасини сақлаб қолиш учун ветеринария хизматларини жалб этишни талаб қилган.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, кўплаб кўнгиллилар зарур жиҳозларсиз иш олиб боришмоқда, бу эса уларнинг саломатлиги учун оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
20:33 / 15.12.2024
Керч бўғозида Россиянинг икки танкери ҳалокатга учради
09:26 / 26.10.2024
РФнинг «соядаги флоти»: Greenpeace 192 та эскирган танкерни топди
08:58 / 29.12.2022
Йирик компаниялар Россия танкерлари учун уруш хавфини қоплаб бермайди
19:27 / 12.08.2022