Ўзбекистон | 21:02 / 26.12.2024
1980
5 дақиқада ўқилади

26 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Пойтахтнинг янги бош режаси, тасдиқдан ўтган 2025 йилги Давлат бюджети, оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун жавобгарлик ва «дача»дан топилган алиментдан қочган ота — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси тасдиқланди

Ниҳоят, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланди. Унга кўра, пойтахтда қурилиш ишлари бош режа асосида амалга оширилади.

2045 йилгача пойтахт аҳолиси сони 7,5 млнгача етиши кутилмоқда. Яшил майдонлар 10 минг гектаргача оширилиб, шаҳар атрофида 15 минг гектарлик яшил белбоғ барпо этилади.

Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш доирасида қўшимча 647 км йўл қурилиб, 140 км йўл кенгайтирилади. Жамоат транспортидан фойдаланиш улуши 60 фоизгача оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, транспорт марказлари ва янги метрополитен йўллари қурилади.

Шаҳар ҳудудлари консервация, реконструкция ва реновация зоналарига ажратилган. Яшил майдонларни ҳимоя қилиш ва бинолар зичлигини назорат қилиш учун чекловлар жорий этилади. Бош режа талабларининг ижроси бўйича ҳукуматда ҳар чорак якунида ҳисобот эшитилади.

2025 йил Давлат бюджети тасдиқланди

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди. У консолидациялашган бюджетни шакллантириш ва ижро этиш тартибларини белгилайди.

Қонунга кўра, республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар фақат 2025-молия йилида сарфланади, келгуси йилга ўтказилмайди. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизидан ошмаслиги белгиланди.

Қонун 2025 йил 1 январдан амалга киритилади.

Мобил алоқа акциз солиғидан озод этилди

Ўзбекистонда 2025 йилга мўлжалланган солиқ сиёсатини такомиллаштириш доирасида мобил алоқа хизматлари акциз солиғидан озод қилинди. Шунингдек, бир қатор муҳим ўзгариш ва имтиёзлар тасдиқланди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгаришларга кўра, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ерлар ҚҚСдан озод қилинди. Қишлоқ хўжалиги ерлари учун икки баравар ер солиғи бекор қилинди; ЯТТ ходимлари учун ижтимоий солиқ камайтирилди;

Божхона чегарасидан ўтишда солиқ ҳужжатлари тақдим этиш мажбурияти бекор қилинди.

Шунингдек, ноширлик, ахборот технологиялари, таълим, қайта тикланувчи энергия манбалари ва ижтимоий тадбиркорлик соҳалари учун вақтинчалик имтиёзлар жорий этилди.

Янги тартиб ва имтиёзлар 2025 йил 1 январдан кучга киради.

Нукус воқеалари бўйича ҳисобот тингланди

2022 йил июлида Нукус шаҳрида юз берган тартибсизликларни ўрганиш бўйича комиссия ўз ҳисоботини парламентга тақдим этди. Тартибсизликларда иштирок этган 6 минг 135 кишига маъмурий жарима, 2 минг 639 нафарига маъмурий қамоқ, 61 нафарига эса жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ҳодиса давомида 21 киши ҳалок бўлган, шулардан 2 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар. 413 киши тан жароҳати олган, уларнинг 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидир. Моддий зарар 6,8 млрд сўмни ташкил қилган.

Комиссия 168 нафар қамоққа олинган шахснинг 107 нафари озод қилинганини ва гумонланувчи ҳамда судланувчиларнинг ҳуқуқлари тўлиқ таъминланганини қайд этди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳуқуқбузарликлари учун 3 киши жиноий жавобгарликка тортилган.

Оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун жавобгарлик

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Жиноят кодексининг 244-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга кўра, оммавий тартибсизликларни содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик ва уларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Қонунга киритилган янги тузатишларга кўра:

Модданинг учинчи қисмида оммавий тартибсизликлар содир этиш учун махсус ўқувдан ўтган шахсларга жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилди.

Тўртинчи қисмида оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун алоҳида жавобгарлик жорий қилинди.

Бешинчи қисмга кўра, ўқувдан ўтган шахс ўз хоҳиши билан бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Tashkent City боғида ҳаракат чекланди

2024 йил 25 декабрдан 2025 йил 10 январга қадар Tashkent City боғи ичидаги Ўқчи, Янги Тошкент ва Заргар кўчаларида транспорт воситалари ҳаракати чекланади. Бу ҳақда пойтахт ИИББ маълум қилди.

Чекловлар Янги йил байрами тадбирлари муносабати билан жорий этилди. Ҳайдовчилардан ёндош кўчалардан фойдаланишлари сўралмоқда. Мазкур чекловлар учун аҳоли ва меҳмонлардан узр сўралган.

Алиментдан қочган ота «дача»дан топилди

Навоий вилояти Кармана туманида фарзанди учун алимент тўламасдан қочиб юрган ота 2,5 йиллик қидирувдан сўнг далаҳовлидан топилди. У 2022 йил 7 апрелдан буён яшаш манзилини ўзгартириб, яшириниб юрган.

Тезкор тадбирлар давомида қарздор ота Кармана туманидаги «Юбилей» далаҳовлисида ушланди. Отанинг алимент бўйича қарзи 49,8 млн сўмни ташкил этган. Жиноят ишлари бўйича туман суди уни 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Навоий вилоятида алимент тўловидан қочиб юрган 76 нафар ота қидирилмоқда. Шуларнинг 34 нафари Ўзбекистонда яширинган, 38 нафари эса чет элга чиқиб кетган.

Мавзуга оид