Жаҳон | 08:23 / 26.12.2024
3029
2 дақиқада ўқилади

Россия ракетаси Молдова ҳаво ҳудудини бузиб кирди

Молдова президенти Майя Санду Россия ракетаси мамлакат ҳудуди устидан учиб ўтганини айтди. Киев Руминия ҳаво ҳудуди ҳам бузилганини даъво қилмоқда. Бухарест буни рад этди.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

25 декабр, чоршанбага ўтар кечаси Россиянинг Украинани ўққа тутиши вақтида ракеталардан бири Молдова ҳудуди устидан учиб ўтди. Бу ҳақда мамлакат президенти Майя Санду маълум қилди.

"Мамлакатларимиз Рождествони нишонлаётганда, Кремл бузғунчиликни танлади — у Украинанинг энергетика инфратузилмасига ҳужум қилди ва Молдова ҳаво ҳудудини ракета билан бузди. Бу ҳаракатлар халқаро ҳуқуққа зид келади. Молдова буни қоралайди ва Украина билан тўлиқ бирдамдир", деб ёзди Санду.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига маълум қилишича, Россия ракетаси Руминия ҳудуди устидан ҳам учиб ўтган. «Россиянинг Украина энергетика тизимига яна бир йирик ҳужуми. Бу Рождество ҳужуми Путиннинг Рождество сулҳи ҳақида гапирганларга берган жавоби. Битта рус ракетаси Молдова ва Руминия ҳаво ҳудуди орқали ўтган. Бу бизга Россия нафақат Украинага таҳдид солаётганини эслатади». Бухарест Руминия ҳаво ҳудуди бузилганини рад этди.

Молдова президенти Майя Санду иккинчи муддатга қасамёдга келтирилди

24 декабр куни Кишинёвда Молдова президенти Майя Санду иккинчи муддатга қасамёд қилди. «Қўлимни юрагимга қўйган ҳолда айта оламан: мен биринчи мандатим давомида фидойилик билан ишладим ва тўрт йил бунданда каттароқ ирода ва куч билан давом этаман, камтарлик билан айтишим мумкинки, биз мустақилликнинг 30 йили давомида ҳеч қачон бўлмаган ишни қилдик», — дея таъкидлади Санду.

Давлат раҳбари ўз нутқида мамлакат жамияти сўнгги йиллардаги инқирозлар ва қўшни Украинадаги урушга қарамай, тинчликни сақлаб, демократияни ҳимоя қилишга муваффақ бўлганини таъкидлади. «Мен сизни ишонч билан олға силжишга чақираман, бизнинг Молдова нимани англатишини унутманг — мерос, некбинлик, кураш, ривожланиш, ташкилотчилик, ирода, амбиция», деди Санду.

Мавзуга оид