Жаҳон | 08:33 / 27.12.2024
7004
3 дақиқада ўқилади

Бразилия Оқтов яқинидаги ҳалокат юзасидан терговга қўшилди

Бразилия ҳарбий-ҳаво кучлари терговчилари Озарбойжон самолётининг қулаши сабабларини аниқлашда иштирок этади. Улар Қозоғистон расмийлари томонидан олиб борилаётган терговга «техник ёрдам кўрсатадилар».

Фото: AFP

Бразилия Озарбойжоннинг Embraer 190 самолёти ҳалокатини тергов қилишда иштирок этиш учун Қозоғистонга ўз ҳарбий-ҳаво кучларидан (ҲҲК) уч нафар терговчини жўнатди, деб хабар берди Бразилия ҳарбий-ҳаво кучлари вакиллари 26 декабр, пайшанба куни кечқурун Reuters агентлигига.

Reuters хабарига кўра, бразилиялик терговчилар Қозоғистон расмийлари томонидан соҳада «13-илова» юридик номи билан машҳур бўлган халқаро қоидалар асосида олиб борилаётган терговга «техник ёрдам кўрсатади».

Бир кун олдин Қозоғистоннинг Lada агентлиги хабар берганидек, Озарбойжон вакиллари, жумладан, Фуқаро авиацияси давлат агентлиги ва Azerbaijan Airlines (AZAL) делегатлари Оқтов яқинидаги самолёт ҳалокатини текшириш учун етиб келишди. Хабарда айтилишича, самолёт ишлаб чиқарувчи Embraer ва Бразилиянинг CENIPA авиаҳалокатларини текшириш ва олдини олиш маркази мутахассислари ҳам терговга қўшилган.

ОАВ: AZAL самолёти Россия ракетаси билан уриб туширилди

Бокудан Грознийга J28243 рейсини амалга ошираётган Озарбойжоннинг AZAL авиакомпанияси Embraer 190 самолёти 25 декабр куни эрталаб даштга қулаб тушди. Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинидаги авиаҳалокатга Россиянинг «ер-ҳаво» синфидаги ракетаси сабаб бўлган, деб хабар бермоқда Euronews ва Reuters нашрлари Озарбойжон ҳукуматидаги манбаларга таяниб. Уларнинг сўзларига кўра, ракета самолётга Грозний узра учувчисиз учоқлар парвози кузатилган вақтда учирилган ва унинг бўлаклари йўловчилар ва экипаж аъзоларига тегиб, парвоз ўртасида лайнер ёнида портлаб кетган.

Ҳалокатга учраган самолётнинг бурун қисми бутунлай ёниб кетган, орқа қисми эса қулаган ва зарар кўрмаган. Самолёт бортида 67 киши, жумладан беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Фожиа оқибатида 38 киши ҳалок бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, 27 йўловчи ва икки экипаж аъзоси, жумладан стюардессалардан бири тирик қолган.

Қозоғистон расмийлари ҳозирча ўз мамлакати ҳудудидаги самолёт ҳалокати ҳақидаги версияларни баҳолашдан ўзини тийиб келмоқда. «Биз бугунги кунда ҳеч қандай версияни тасдиқлай олмаймиз ёки рад эта олмаймиз», деди 26 декабр куни Қозоғистон бош вазири ўринбосари, авиаҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссиясини бошқараётган Канат Бозумбаев. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда содир бўлган воқеанинг расмий версияси йўқ, Россия ва Озарбойжон расмийлари ҳам ўз версияларини тақдим этмаган.

Мавзуга оид