Жаҳон | 23:27 / 27.12.2024
3580
2 дақиқада ўқилади

Интернетда Volkswagenʼнинг 800 мингга яқин электромобили ҳайдовчиларига оид маълумотлар тарқалиб кетди

Volkswagen компанияси мижозларининг маълумотлари интернетда тарқалиб кетди. Улар орасида сиёсатчилар, полиция ва разведка ходимлари ҳам бор.

Фото: DPA

Германиянинг Der Spiegel журнали Volkswagen компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 800 минг электромобилнинг ҳайдовчиларига оид маълумотлар интернетда тарқалиб кетганини маълум қилди.

Гап Volkswagen ҳайдовчилари электромобилларни бошқаришда фойдаланадиган иловадаги маълумотлар тўғрисида кетмоқда. Қарийб 800 минг машина ва уларнинг эгаларига тааллуқли маълумотлар Amazon булутли омборида ҳимоясиз ҳолатда сақланган.

Таъкидланишича, очиқ интернетда немис сиёсатчилари, тадбиркорлар, полициячилар ва ҳатто разведка ходимларининг ҳам маълумотлари пайдо бўлган. Тарқалган маълумотлар ёрдамида Volkswagen мижозининг шахсий маълумотларини билиб олиш, шунингдек, уларнинг Германия, Норвегия, Швеция, Буюк Британия, Исроил, Украинадаги автомобилларини кузатиш мумкин бўлган.

Маълумотлар Cariad компанияси — Volkswagen учун дастурий таъминотни ишлаб чиққан пудратчининг хатоси сабаб тарқалган. Chaos Computer Club (интернетдаги заифликларни қидирадиган нодавлат ташкилот) мутахассислари компанияга мурожаат қилганидан кейин ушбу маълумотлар зудлик билан ёпиб қўйилган.

Аввалроқ Burger King тезкор овқатланиш ресторанлар тармоғи мижозларининг маълумотлари интернетга сиздирилгани, шунингдек, интернетда 2014 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда россияликларнинг чегарани кесиб ўтгани ҳақида маълумот пайдо бўлгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид