Жаҳон | 23:30 / 10.10.2024
6456
2 дақиқада ўқилади

Интернетда Burger King’нинг 5 миллиондан ортиқ мижозига оид маълумотлар тарқалиб кетди

Burger King тезкор овқатланиш ресторанлар тармоғи мижозларининг маълумотлари интернетга сизиб чиқиб кетди.

Фото: ТАСС

Burger King тезкор овқатланиш ресторанлар тармоғи мижозларининг маълумотлари интернетга сиздирилди. Гап 2018 йил 31 майдан 2024 йил 25 августгача мобил илова орқали буюртмаларни амалга оширган 5,6 миллион фойдаланувчи ҳақида кетмоқда.

Қайд этилишича, буюртмачиларнинг исмлари, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари, туғилган кун саналари, жинси, яшаш шаҳри ва севимли таомига оид маълумотлар тарқалиб кетган.

Burger King’нинг маълум қилишича, ҳакерлар Mindbox маркетинг платформасини бузиб кириш орқали бир нечта компаниянинг мижозларига оид маълумотларни олишга муваффақ бўлган. Тарқалган маълумотлар орасида фойдаланувчиларнинг тўлов реквизитлари йўқ. Mindbox хизматларидан шунингдек, Rostic’s, «Якитория» ва «Тануки» компаниялари ҳам фойдаланиб келади.

Россияликларга оид маълумотлар тармоқда тез-тез тарқалиб туради. «Роскомнадзор»га кўра, 2024 йилнинг дастлабки олти ойида шу каби 73 та ҳолат аниқланган — 600 миллиондан ортиқ қайдлар интернетда тарқатилган. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 200 миллионни ташкил этган.

DLBI таҳлилчиларининг айтишича, ярим йил давомида россияликларга тегишли 140 миллионта мобил рақам, 46 миллионда такрорланмас e-mail манзиллар очиқ тармоққа чиқиб кетган.

Ўғирланган маълумотлар Telegramʼдаги ботлар ва даркнетдаги махсус сайтларда тўпланади. Бу турдаги сервислар ёдамида инсонга оид барча маълумотларни билиб олиш мумкин. Бундай базалардан фирибгарлар кенг кўламда фойдаланиб келади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид