Ўзбекистон | 20:36 / 27.12.2024
11335
3 дақиқада ўқилади

Комил Алламжоновга суиқасд иши тергови доирасида икки россиялик қидирувга берилгани тасдиқланди

Бош прокуратура ахборотига кўра, Бислан Расаев ва Шамил Темирханов қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ва ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи моддалари билан айблов эълон қилиниб, қидирувга берилган.

Интерпол сайтидан скриншотлар

Комил Алламжоновга суиқасд билан боғлиқ жиноят иши доирасида икки нафар Россия фуқароси – Бислан Расаев ва Шамил Темирханов қидирувга берилган, дея маълум қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси.

Қайд этилишича, улар қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ҳамда ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи каби жиноий ҳаракатларни содир этгани аниқланган.

“Б.Расаев ва Ш.Темирхановлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан сиртдан айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда қидирув эълон қилинган”, – дейилади хабарда.

Чеченистонлик экани айтилаётган бу икки шахс Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилгани ҳақида Kun.uz Интерпол сайтидаги маълумотга таяниб ўтган ҳафта хабар берган эди.

Хориж матбуотига кўра, Расаев ва Темирхановга Ўзбекистон президенти администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжонов ҳамда Истиқболли лойиҳалар агентлиги директори Дмитрий Ли ҳаётига суиқасд қилиш буюртмаси берилган, бу икки қотиллик учун буюртмачи томонидан уларга 1,5 млн доллар мукофот ваъда қилинган.

Комил Алламжоновга суиқасд

2024 йил 30 сентябргача Ўзбекистон президенти администрациясида Ахборот сиёсати департаментини бошқариб келган Комил Алламжонов 26 октябр куни Қибрайдаги ўз уйи яқинида ҳужумга учради: у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узилган. Ҳодисада Алламжоновнинг ўзига шикаст етмаган.

Бош прокуратура бундан аввал 25 ноябр куни берган баёнотида жиноятга алоқадорликда гумонланиб 7 киши ушланганини маълум қилган, улардан фақат бир нафарининг шахсини очиқлаган эди: бу – Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов. Баёнотда яна бир гумондор Қозоғистонда қўлга олингани маълум қилинганди.

Ноябр ойида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ишдан олинди. Манбаларга кўра, бу истеъфолар Алламжоновга уюштирилган суиқасд иши доирасида ўтказилаётган текширувлар билан боғлиқ.

Мавзуга оид