Ўзбекистон | 16:11 / 28.12.2024
3705
2 дақиқада ўқилади

Тергов давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш тартиби белгиланди

Олиб қўйилган, хатланган ва далил сифатида эътироф этилган крипто-активларнинг ҳисоби суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан юритилади.

Фото: Reuters

«Терговга қадар текширувни амалга оширишда ва жиноятларни тергов қилиш давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш, хатлаш, сақлаш ҳамда топшириш тартиби тўғрисидаги» йўриқнома Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Унга кўра, крипто-активлар терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида хатлаш, мусодара қилиш, етказилган зарарни қоплаш учун олиб қўйилиши ҳамда далил сифатида эътироф этилиши мумкин.

Крипто-активлар билан боғлиқ терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказиш крипто-активлар билан ишлаш кўникмаларига эга бўлган мутахассислар иштирокида амалга оширилиши шарт.

Қуйидаги маълумотлар крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ахборот манбалари бўлиши мумкин, жумладан:

- шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарлар;

- хизматлар провайдерлари ва майнерлар томонидан тақдим этилган маълумотлар;

- назорат қилувчи (лицензияловчи) органларнинг маълумотлари;

- очиқ ахборот манбаларидан олинган маълумотлар.

Терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар ва далиллар қуйидагиларда аниқланиши мумкин:

- ахборот ташувчи қурилмалар;

- крипто-ҳамёнлар;

- қоғоз, блокнот ёки бошқа нарса ва буюмларда қайд этилган қўлёзма ва ёзувлар.

Олиб қўйилган, хатланган ва далил сифатида эътироф этилган крипто-активларнинг ҳисоби суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан юритилади.

Мавзуга оид