Ўзбекистон | 17:31 / 28.12.2024
2041
2 дақиқада ўқилади

“Uz-Koram Kompani” МЧЖдаги давлат улуши 24 млн долларга сотилди

General Motors компанияси лицензияси асосида автомобиллар учун олд ва орқа бамперлар ишлаб чиқарувчи “Uz-Koram Kompani” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши 24 млн долларга сотилди. Харидор – Ўзбекистонда Centrum Air бренди остида авиа хизматларини кўрсатувчи “Centrum Aviation FZCO” компанияси.

“Uz-Koram Kompani” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акциялар пакети 24 млн долларга “Centrum Aviation FZCO” компаниясига сотилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, потенциал инвесторлардан “Uz-Koram Kompani” МЧЖни сотиб олиш бўйича 5 та ариза келиб тушган. Якунда фақатгина 2 нафар харидор томонидан белгиланган муддатда мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO) тақдим қилинган.

Хусусийлаштириш жараёнига консултант сифатида “Portfolio Investments” консалтинг компанияси жалб қилинган.

“Давактив” хабарида қайд этилишича, корхонанинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш, маҳсулотларнинг лицензиати бўлган Genaeral Motors компанияси (АҚШ) томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига ва GM технологиялари билан боғлиқ технологик жиҳозлардан фойдаланиш юзасидан “Бош альянс” келишувида ўрнатилган талаблар ва тегишли чекловларга қатъий риоя қилиш каби шартлар харидор томонидан қабул қилинган.

Маълумот учун: “Centrum Aviation FZCO” – Centrum Holding таркибида ташкил этилган. Асосий фаолияти ҳаво юк ташиш ва авиация савдосида брокерлик хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага беришдан иборат. “Centrum Air” бренди остида Ўзбекистонда авиа хизматларини кўрсатади.

 

Мавзуга оид