Ўзбекистон | 11:42 / 29.12.2024
9640
5 дақиқада ўқилади

Бу Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига ҳурматсизлик ва суверенитетини инкор қилиш демакдир

Ўзбекистонлик амалдорлар Комил Алламжонов ва Дмитрий Лига икки чечен суиқасдга уринганидан хабар топдик. Бу воқелик ошкор бўлиши ортидан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзбекистонлик амалдорларга улар «чечен анъаналарига кўра жавоб бериши»ни айтиб таҳдид қилди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uzʼдаги колонкасида Рамзан Қодиров суверен Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишдан тийилиши кераклиги ҳақида сўз юритади.

Ўтаётган 2024 йилнинг жиддий воқеаларидан бири бу – Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга суиқасд бўлди. Маълумки, Ўзбекистон Бош прокуратураси шу иш билан боғлиқ икки чечен шахсни ҳалқаро қидирувга берди. Булар Бислан Расаев ва Шамил Темирханов. Бу шахсларга нисбатан, қонунга хилоф равишда Ўзбекистонга кириш ва чиқиш, жиноят ҳақида хабар бермаслик ва ўқотар қуролнинг қонунга хилоф муомаласи моддалари билан айблов эълон қилиниб, қидирувга берилган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида ушбу суиқасд бўйича яна баёнот билан чиқди. Бу – Қодировнинг биринчи баёноти эмас. Бирон бир тергов ишига муносабат ҳуқуқий бўлиши мумкин ёки сиёсий. Баёнот орқали тергов жараёнига оид маълумотлар берилиши мумкин ёки аксинча.

Рамзан Қодиров агар унинг ҳуқуқий онги етарли бўлганида эди, бундай дейиши керак эди: “Биз Ўзбекистоннинг ҳуқуқ-тартибот тизими холис бўлишига умид қиламиз ва ишонамиз. Ўзимиз томондан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизими билан ҳамкорликка тайёрмиз. Қидирувга берилган чеченистонлик шахсларни ушлаб, Ўзбекистонга топширишга ҳаракат қиламиз. Ёки Россия Федерацияси қонунчилиги доирасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизими билан ҳамкорлик қилишга тўлиқ тайёрмиз”, дейилса, бу совуққон, вазмин ва ҳуқуқий позиция бўлар эди.

Лекин ўзининг чиқишида, Рамзан Қодиров икки чечен фуқароси ҳақида ҳеч нарса демаган. Худдики, бу шахслар умуман бу тергов ишида йўқдек.

Аксинча, Қодировнинг баёноти ўта сиёсий ва эҳтиросли. У бир бетлик матнда “рангли инқилоблар”, “Ғарб матбуоти”, “ахборот зарбалари” ҳақида ёзади. У ўзининг баёнотида ҳаттоки ҳуқуқ-тартибот тизимига, тергов жараёнларига шубҳа билдириб, уларнинг устидан текширув ўтказиш кераклигини ёзади. Бундай дейиш учун эса Қодировда ҳуқуқий асослар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳуқуқий асос бўлиши учун у малакали ҳуқуқий экспертиза ўтказган бўлиши керак эди.

Қодировнинг гапларидан хулоса чиқадики, худди Ўзбекистон давлатчилиги жуда заиф, давлат раҳбарлари ҳимояга муҳтож, ҳуқуқ-тартибот тизими эса мутлақ лаёқатсиз ва заиф.

Қодировнинг мантиғига қаранг: “бу суиқасдни мен қилганим йўқ, агар қилганимда, амалга ошган бўлар эди”. Бу билан Қодиров “биз бунақа ишлар билан шуғулланмаймиз” демаяпти, аксинча, “биз профессионаллармиз, бунақа ишларни катта маҳорат билан амалга оширамиз. Бу муваффақиятсизлик бўлар экан, демак биз эмас”, демоқда. Яъни Қодиров ўзининг бу баёноти билан “бундай ишларга аралашмаймиз”, демаяпти, балки “айнан мана шу ишга алоқам йўқ”, демоқчи бўляпти. Қизиқ мантиқ.

Қолаверса, Рамзан Қодиров ўзининг баёноти охирида Алламжонов ва Лига очиқдан очиқ таҳдид қилади. Бу таҳдид билан у Ўзбекистон суверен давлат эканини, унинг фуқаролари Ўзбекистон ҳимоясида эканини инкор этади. Қолаверса, “чечен анъанасига кўра” жавоб бўлиши, яъни суиқасд таҳдидини билдиради. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ҳар қандай Ўзбекистон фуқаросини ўлдириш билан таҳдид қилиш – энг олий жиноят ҳисобланади.

Рамзан Қодиров ўзини оқлашга уринмоқда, лекин унинг айтаётган гаплари – унинг жиноятга мойил эканини тасдиқлаб бермоқда холос. Рамзан Қодиров Ўзбекистон ички ишларига аралашишдан тийилиши керак ва Ўзбекистон давлати ва халқидан ноўрин баёнотлари учун узр сўраши керак бўлади. 

Мавзуга оид