Илон Маск Марсда тўғридан тўғри демократияни ўрнатишни таклиф қилди
Марсни мустамлака қилгандан сўнг у ерда вакиллик демократияси эмас, балки тўғридан тўғри демократия ўрнатиш керак, дея таъкидлади миллиардер.
Дунёнинг энг бой одами ва SpaceX раҳбари Илон Маск Марсда бевосита демократия ўрнатиш зарурлигини айтди, шу билан бирга у “марсликлар қандай бошқарув тизими ўрнатишни ўзлари ҳал қилиши”ни ҳам билдирди.
Маск Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчисининг “Марсни мустамлака қилганимиздан сўнг” сайёрада бошқарув шакли қандай бўлади, деган саволига шундай жавоб берган.
У илгари ҳам вакиллик демократияси моделидан воз кечиб, тўғридан тўғри демократияни афзал кўришни айтган, чунки бу тизимда коррупция хавфи камроқ бўлади. Тадбиркорнинг фикрича, вакиллик демократияси (бунда халқ томонидан сайланган вакиллар қонунларни қабул қилади) дастлабки кичик мустамлакалар учун зарур эмас. Аксинча, қонунларнинг ўзи қисқа ва тушуниш учун содда бўлиши керак.
2021 йилда тадбиркор шундай деганди: “Одамларни Марсга юбориш — бу XVIII асрда АҚШ ташкил этилганда бўлгани каби, ҳукуматнинг бутун моҳиятини қайтадан тушуниш имкониятидир”.
Сентябр ойида Маск яқин икки йил ичида SpaceX Марсга бешта Starship учувчисиз космик кемасини юбориши мумкинлигини маълум қилди. Агар бешала аппаратнинг ҳаммаси Марсга муваффақиятли қўна олса, тўрт йилдан сўнг қизил сайёрага инсон бошқарадиган парвозларни ҳам амалга ошириш мумкин бўлади.
“Агар Ернинг ўзида ядро уруши, қандайдир ўта хавфли вирус пандемияси ёки бошқа сабабларга кўра демографик инқироз юз берса, Марсни ўзлаштириш Ер цивилизациясини сақлаб қолишга ёрдам беради”, — деб ишонч билдирган у.
Politico нашрининг қайд этишича, АҚШдаги сўнгги сайловолди кампанияси давомида Маск Марсга одамларни юбориш учун зарур шартлар қаторига республикачиларнинг ғалабасини киритган. Баъзан у бу икки воқеани бевосита боғлаган ҳам, хусусан, X ижтимоий тармоғида: “Агар инсониятнинг Марсга етиб боришини истасангиз, Доналд Трампга овоз беринг!” деб ёзган.
Мавзуга оид
21:20 / 01.01.2025
2024 йилда энг бой 500 кишининг бойлиги 10 триллион доллардан ошди
18:21 / 01.01.2025
Илон Маск сайлов кунидан буён Трампнинг мулкида яшаётгани маълум бўлди
16:49 / 31.12.2024
Германия келажагини ижтимоий тармоқлар эгалари ҳал қилмайди — Шолц
11:23 / 26.12.2024